Спорт | 16:50 / 14.11.2016
15116
3 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: "Эртанги ўйин учун аниқ режамиз бор"

Фото: ЎФФ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасида Жанубий Кореяга қарши сафарда кечадиган ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Мураббийга Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игор Сергеев ҳамроҳлик қилди.

Кореялик журналистлар дастлаб Самвел Бабаяндан 2015 йилда бўлиб ўтган Осиё Кубогида Жанубий Кореяга қарши ўйнаган Ўзбекистон терма жамоасидан ҳозиргиси нима билан фарқ қилиши ҳақида сўрашди.

“Осиё Кубогида қатнашган жамоа ва ҳозир мен бошқараётган жамоани бир-бирига қиёслаш менинг ишим эмас. Бунинг учун журналистлар, бошқа мутахассислар бор. Бу иш мен томонимдан қилиниши тўғри бўлмайди. Фақат шуни айтиш мумкинки, ўша турнирдаги жамоадан ҳозирда таркибимизда 8 нафар футболчи бор. Бугунги кунда миллий терма жамоага кўпгина ёш футболчиларни жалб этяпмиз. Аммо “У жамоа бундай ўйнарди, биз бунақа ўйнаймиз”, деб муҳокама қилмоқчи эмасман”, - дея жавоб берди мураббий.

Рақиб терма жамоаси сафидаги энг хавфли футболчилар ҳақида сўралганида эса Бабаян қуйидагича жавоб қайтарган: “Жанубий Корея терма жамоасида истеъдодли футболчилар жуда кўп. Кучли чемпионатларда фаолият юритадиган легионерлар ҳам, маҳаллий чемпионатда тўп сурадиган юлдузлар ҳам бор. Ҳозир омма олдида кимнидир алоҳида кўрсатмаган бўлардим. Асосийси, биз ўзимиз учун рақиб сафидаги энг хавфли футболчиларни аниқлаб олдик ва уларга қарши қандай ўйнаш кераклигини биламиз”.

Ундан ўйиннинг муҳимлик даражасини ҳисобга олиб, унга алоҳида тайёргарлик кўрилган-кўрилмагани ҳақида ҳам сўрашган.

Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳар бир ўйин муҳимлигини, рақиб Суриями, Кореями, бундан қатъи назар навбатдаги ҳар бир ўйинга энг муҳим сифатида ёндашилиши ва шунга яраша тайёрланилишини таъкидлади.

Игор Сергеевдан Ўзбекистон чемпионатида доимий равишда сермаҳсул ўйин намойиш этгани, аммо Хитой клубига ўтгач, бу кўрсаткичи оқсагани ҳақида сўралганида ҳужумчи шундай жавоб берди:

“Бу менинг биринчи бор хориж клубида ўзимни синаб кўришим эди. У ерда ҳали кўп ўйнамадим, ярим йилгина бўлди. Янги чемпионатга, жамоага мослашишга вақт кетди. Етарлича ўйин амалиётига ҳам эга бўлмадим, деб ўйлайман. Сабаблар кўп. Шундай бўлсада, голлар уришга доим ҳаракат қиламан. Сўнгги вақтларда бу борада аҳвол анча яхшиланди. Умид қиламанки, шундай давом этади. Терма жамоага тўхталадиган бўлсам, унга чақирув олдингми, майдонда борингни бериб ҳаракат қилишинг, унга максимал ёрдам беришга интилишинг шарт”.

Мавзуга оид