Жамият | 10:49 / 17.11.2016
25514
5 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти қандай ваколатларга эга?

Фото: © AP

Мамлакат президенти — ҳукмронлиги чегара билмайдиган жуда машҳур шахсдек гўё. Аслида, кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШда ҳам президент ваколатлари кўплаб қонунлар томонидан аниқ ва равшан қилиб қайд этилган. Дональд Трамп сайловда ғолиб келгани биланоқ дунё ҳукумат энди ғалати инсон қўлига ўтади деган ташвишга туша бошлади. Хавотирга ўрин йўқ — мавжуд қоидалардан четга чиқиш ҳаттоки, фильмлардаги ёвуз қаҳрамонларни эслатувчи президентга рухсат берилмаган.

 

Конгресс чақириш

Президент агар вазият тақазо этса, исталган вақт конгресс чақириш ҳуқуқига эга. Қоидага кўра, бу кутилмаган ҳолат, табиий офат ёки ҳарбий таҳдидларга тегишли.

 

Жазолаш ва афв этиш

АҚШ президенти федерал қонунларни бузгани учун судланган ҳар қандай кишини афв этиши мумкин. Фақат президент ўз-ўзини кечира олмайди — тергов ёки жиноят учун ҳукм вақтида ҳуқуқ бир зумда бекор қилинади.

 

Партияларни бошқариш

Президент ўз сиёсий партиясининг расмий етакчиси саналади. Бироқ, президентлар камдан-кам ҳолларда партия ички ҳаётининг ташкилотчилик вазифасини зиммасига олади — бу ишни улар учун унча машҳур бўлмаган раҳбарлар амалга оширади.

 

Қонунлар қабул қилиш

Президент Конгресс томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасини рад этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ўз ўрнида, Конгресс ҳам президент инкорини бекор қилиш учун овоз бериши мумкин.

 

Элчиларни тайинлаш

Президент элчилар, олий суд ҳакамлари (улар Конгресс томонидан тасдиқланиши керак), давлат котиблари ва бошқа турли мансабдор шахсларни сайловсиз, бироқ Сенат розилиги билан тайинлаш ҳуқуқига эга.

 

Фавқулодда ваколатларни ўз зиммасига олиш

Инқироз вақтида президент фавқулодда ваколатларни амалга ошириши мумкин. Бу мажбурият аниқ бўлмаса-да, АҚШ конституциясида давлат раҳбари армия, олий суд ва бошқа кўплаб муҳим давлат лавозимларини эгаллаши кўрсатиб кетилган. Бундай ваколатлар президентга вақтинчалик ҳарбий аҳволни эълон қилиш ва АҚШ ичида исённи бостириш учун армиядан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

 

Оддий инсонларга нисбатан кўпроқ дам олиш

Президентнинг иши жуда оғир бўлгани учун унга кўпроқ дам олиш ҳуқуқи берилган. Айнан шу сабабли АҚШ президентларини тез-тез гольф майдонлари ёки шаҳар чеккасидаги қароргоҳларда учратиш мумкин.

 

Армияни бошқариш

Президент қуролли кучларнинг бош етакчиси сифатида армияни исталган ерига йўналтириши мумкин. Бироқ, бу ҳолат фақат бошқа мамлакатларга урушда ёрдам кўрсатиш учунгина амалга оширилади. Президент бевосита урушни ўзи эълон қила олмайди, сабаби у Конгрессдан рухсат олиши лозим.

 

Хизматчиларга эга бўлиш

Президент бўлишнинг афзал жиҳатларидан бири улар учун деярли барча нарсани бажарувчи махсус инсонларнинг бўлишидир. Масалан, ўринларни тўғирлаш ёки яқинларнинг туғилган куни ҳақда ёдга солувчи ёрдамчилар. Президент учун жами 4000га яқин инсон хизмат қилади. Жумладан, бир неча гулчилар, малакали ошпаз-қандолатчилар, шахсий тренер ва ҳаттоки каллиграфчилар.

 

Ядрони ишга тушириш кодини сақлаш

«Ядровий чемодан» деб аталувчи ядро ишга тушиш кодлари доим президент билан бирга юради. Сўнгги йилларда кодлар кредит карталарига ўхшаш махсус кодларда сақланмоқда. Уни дунёнинг исталган бурчагидан туриб ишга тушириш мумкин.

 

Умрининг сўнгигача миллионли маошлар олиш

Йилига 400 000 доллар ҳисобидаги иш ҳақи, тўлиқ озиқ-овқат ва яшаш учун жой билан таъминланишга қўшимча равишда президент умумий қиймати 1 млн доллардан ортиқ бўлган маблағни ҳам қўлга киритади. Нафақага чиққанидан сўнг, собиқ президентлар йилига 200 000 долларга яқин маблағ, сирли қўриқлаш хизмати учун яна 100 000 доллар ва барча ходимлар учун қўшимча харажатларни олади.

 

Қонун бўйича жавоб бериш

Президент «давлат хоинлиги, порахўрлик ва бошқа жиддий жиноятлар ҳамда ҳаракатлар» учун айбланиши ва суд қароридан сўнг лавозимидан четлатилиши мумкин. Бу жараён «олий шахсларни жавобгарликка тортиш» дейилади ва булар инаугурация вақтида янги президент билан муҳокама қилинади.

Мавзуга оид