Жамият | 11:05 / 27.11.2016
19410
2 дақиқада ўқилади

Бировга қози бўлма, уни яхшиликларга даъват этгувчи бўл

Машойихларимиз айтади: “Биров-бировни ёмонлаяпти, ўша ёмонлаётган томонга ёмонланаётган томон гапиряпти: “Сен менда нимани кўраётган бўлсанг, билгинки, бу сеники. Мен сенда нимани кўрсам, у меники бўлади”. 

Яъни, ҳақиқат қандай нигоҳ билан қарашга боғлиқдир. Сиз бировда кибрни кўраяпсизми, унга нисбатан мутакаббир, деган даъвони қилаяпсизми, билингки, кибр ўзингизда бўлади. Бир олим киши айтдиларки: “Тилингни бировларнинг айбини излаш билан булғама. Тил сендан бошқада ҳам бор. Гуноҳ, айб сенда ҳам бор. Балки гуноҳ қилаётган одамнинг айби охиргиси бўлиши мумкин. Балки сенинг ибодатинг ҳам сен учун охиргиси бўлиши мумкин”.

“Гуноҳкорлар ва жамиятнинг ёмон кишиларидан яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг ишидир”, деганлар уламолар. Бу улкан қоида. Одамлар орасида муносабатларнинг тўғриланишига хизмат қиладиган қоида. Сиз бировга қараганингизда ўзингизни кўрасиз. Сизга кимдир қараса, у ўзини кўради. Шу сабаб, дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим.

Бир шайхдан ёш йигит сўради: “Эй Шайх, намозни тарк этган одамнинг ҳукми нима бўлади?” Йигит бу билан бир бенамозни мот қилишни мақсад қилган эди. Шайх машойихларга хос тарзда жавоб қайтардилар: “Намозни тарк этган одамнинг ҳукми уни ўзинг билан масжидга олиб боришингда. Сен қози бўлма, балки даъват қилгувчи бўл”.

Энг яхши қози Аллоҳдир. Унинг ўзи дунё ва охиратда ҳукм қилади. Бизнинг ишимиз биров учун қози бўлиш эмас, аксинча бизнинг вазифамиз даъват қилиш, яхшиликларга чақиришдир. 

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид