Жамият | 22:06 / 01.12.2016
9075
2 дақиқада ўқилади

Онкологлар простата саратонини даволашда катта натижага эришдилар

Фото: telegraph.co.uk

Простата саратонини тестостерон (эркаклар жинсий гормони) инъекциялари ёрдамида даволаш мумкинлиги аниқланди. Бунга Жон Хопкинс университетидан профессор Сэм Денмеаде бошчилигидаги бир гуруҳ онкологлар муваффақ бўлдилар. Улар бунинг дастлабки натижалари ҳақида Мюнхендаги саратонни молекуляр-таргетли даволаш бўйича симпозиумда сўзлаб беришди. Шунингдек бу ҳақда EurekAlert порталида айтилган.

Тажриба беморларнинг организмида тестостерон даражасини сунъий йўл билан кўпайтириш ёки камайтиришдан иборат бўлган. Касали одатдаги даволаш усулларини қўллаб бўлмайдиган даражада авж олиб кетган тажриба иштирокчилари ҳар 28 кунда тестостерон инъекциясидан олиб туришган. Шу билан бирга улар организм томонидан тестостероннинг ишлаб чиқарилишини тўхтатувчи дори воситаси қабул қилишган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тестостерон даражасининг кескин ўзгариши саратон тўқималарини кучсизлантириши ёки ҳаттоки ўлдириши керак.  

Баъзи беморларда ўсимталар ўлчами кичиклашган ва касалнинг бориши тўхтаган. Тажрибанинг 47 иштирокчисида простата ўзига хос антигени – простата саратонини аниқлаш учун қонда аниқланиши керак бўлган ўсимта маркери даражаси тушиб кетган. Беморлардан бири тўлиқ даволанган: унга инъекциялар киритила бошлагандан кейин 3 ой ўтиб, унинг қонидаги антиген даражаси нолгача тушган ва 22-инъекциядан кейин кўтарилмаган.

 

Мавзуга оид