Bloomberg 2017 йилда дунёни кутаётган бош хатарларни маълум қилди
АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трампнинг ташқи сиёсати ва Европа давлатларидаги сайловлар 2017 йилда дунё барқарорлигига путур етказувчи бош хатарлар ҳисобланади. Бундай хулосага Bloomberg агентлиги томонидан ўтказилган сўровда иштирок этган иқтисодчилар келдилар. Бу сўров натижалари 7 декабрда чоп этилди. Сўров иштирокчилари мумкин бўлган хатарлар орасида Россия ташқи сиёсатини 3-ўринга қўйдилар.
Сўралганларнинг 38 фоизи Трамп маъмурияти сиёсатини дунё ишларидаги хатар манбаи сифатида айтишди. Яна 38 фоиз сўралганлар Германия, Нидерландия ва Франция каби давлатларда парламент ва президентлик сайловларини хатарлар манбаи сифатида қайд қилиб ўтишди. 16 фоиз сўралганлар Россия ташқи сиёсатини дунё барқарорлигига хавф солувчи бош хатар деб айтишди.
Мутахассисларнинг фикрича, Нидерландия сайловларда популистлар (элиталарга қарши чиқувчи) муваффақият қозониши мумкин бўлган давлат бўлади: мутахассислардан 29 фоизи Герт Вилдерснинг ўта ўнг Озодлик партияси Нидерландия парламентига сайловларда ғалаба қозонишини тахмин қилишмоқда. 18 фоиз сўралганлар Буюк Британияда қуйи палатага муддатдан аввал сайловлар ўтказилиши мумкинлигини айтишмоқда. Шунингдек 14 фоиз сўралганлар Лондоннинг Европа Иттифоқидан чиқишдан бош тортишини тахмин қилишмоқда. 14 фоиз сўралганлар Бундестагга сайловлар натижаларига кўра Ангела Меркель Германия канцлери лавозимини тарк этишини тахмин қилишмоқда.
Мутахассислардан 66 фоизи Дональд Трамп томонидан АҚШда жисмоний шахслар ва компаниялар учун юқори солиқ ставкасининг камайтирилиши мумкинлигини айтишмоқда. 12 фоиз сўралганлар АҚШнинг Эркин савдо ҳақидаги Шимолий Америка келишувидан чиқишини айтишмоқда. 9 фоиз мутахассислар АҚШдан 2-3 млн ноқонуний муҳожирлар чиқариб юборилиши мумкинлигини, 8 фоиз мутахассислар эса АҚШ ва Мексика чегарасида девор қурилишини тахмин қилишмоқда.
"Сиёсий хатарлар 2017 йил учун катта муаммо ҳисобланади. Ҳозирда вужудга келаётган кўплаб муаммолар бизга 1930-йилларни эслатмоқда", деб Commerzbank’нинг немис иқтисодчиси Питер Диксоннинг айтган сўзларини келтириб ўтмоқда Bloomberg. Мутахассис ўша вақтда юз берган ва ҳозирда кузатилаётган Атлантиканинг икки томонидаги молиявий инқироз, иқтисодиётда протекционизмнинг ва сиёсатда популизмнинг ўсишига ишора қилмоқда. "Биз бу муаммоларга беписанд қарамаслигимиз керак, буларнинг барчаси нима билан якунланганини биламиз ва хатарларни ҳанузгача қабул қилганимиздан кўра жиддийроқ қабул қилишимиз керак", деб ҳисобламоқда Диксон.
Bloomberg сўрови 18-29 ноябрда ўтказилган ва унда 146 иқтисодчи иштирок этган.
Мавзуга оид
01:16
АҚШ ракеталари ёрдамида йўлланган биринчи зарбалардан кейин Россия акциялари 2 млрд долларга қулади
23:54 / 19.11.2024
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади
22:07 / 19.11.2024
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58 / 19.11.2024