Спорт | 11:30 / 08.12.2016
5570
2 дақиқада ўқилади

«Милан» клубининг сотилиши жараёни тўхтаб қолди

«Милан» клуби Хитойнинг Sino-Europe Sports консорциумига сотилиш ишлари баҳорга қолдирилди. Клуб хўжайини Сильвио Берлускони савдо 13 декабрь куни амалга оширилишини режалаштирганди, аммо сотиш ишлари баҳорга қолдирилган.

Associated Press нашри тарқатган хабарга кўра, келишув 2017 йилнинг 3 март куни амалга ошиши мумкин. Бунинг сабаблари ошкор қилинмаган. 

Қўшимча қилинишича, жараённи тўхтатиб тургани учун Sino-Europe Sports 100 млн евро миқдорида қўшимча депозит тўлайди.

Қайд этиш керакки, келишув шу йилнинг ёзидаёқ ёпилиши кутилганди, кейин кузга қолди, кейин эса 13 декабрга кўчирилганди. Лекин хитойликлар қоғозбозлик билан боғлиқ муаммолар туфайли капитал олиб кира олишмаяпти.

Келишувга кўра, хитойликлар ҳамда Берлусконининг Fininvest компанияси жамоани биргаликда бошқаради. Келишув қиймати 740 миллион еврога баҳоланган. Ҳозирда Берлускони «Милан» акцияларининг 99,93 фоизига эгалик қилади.

Бундан олдинроқ, Сильвио Берлускони агар клуб сотилмайдиган бўлса, янги йўналиш олишини айтган эди.

«Милан» 15 тур ўйинларидан кейин Италия чемпионатида учинчи ўринда бормоқда. Жамоа охирги марта 2010/11 йилги мавсумда чемпион бўлган.

Мавзуга оид