Спорт | 09:49 / 11.12.2016
7214
2 дақиқада ўқилади

Жошуа Молинани енгиб, жаҳон чемпиони унвонини ўзида сақлаб қолди

Фото: EPA

Халқаро бокс федерацияси (IBF) версияси бўйича супероғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлмиш британиялик боксчи Энтони Жошуа 10 декабрь оқшомида ҳимоя жангини ўтказди. У Манчестер шаҳрида кечган 12 раундлик жангнинг 3-раундидаёқ америкалик рақиби Эрик Молинани нокаут ҳолатига туширди.

Аввалига Жошуа украиналик Владимир Кличкога қарши рингга кўтарилиши режалаштирилганди. Аммо рақиб жароҳат туфайли жангдан бош тортди. Кличко Жошуа ва Молина жангини аренага келиб кузатган.

Шу тариқа, 27 ёшли Жошуа иккинчи марта ўз унвонини ҳимоя қилди. У шу йилнинг 10 апрелига ўтар кечасида ҳам Лондон шаҳрида бўлиб ўтган 12 раундлик жангнинг иккинчи раундида АҚШ вакили Чарльз Мартинни нокаутга учратганди ва жаҳон чемпионига айланганди. Шу йилнинг июнида у биринчи марта ҳимоя жангини ўтказиб, америкалик Доминик Бризилни 7-раундда техник нокаутга учратганди.

Эндиликда Жошуа профессионал рингда 18 жангда 18 ғалаба билан юз фоизлик натижа кўрсатиб турибди.

Британиялик боксчи супероғир вазнда Олимпиада чемпиони (Лондон–2012) мақомида профессионал боксдаги энг нуфузли версияларидан бирида чемпионлик камарини қўлга киритган биринчи боксчи бўлди.

Аввалроқ бундай натижага, аммо турли вазн тоифаларида Муҳаммад Али, «Шугар» Рэй Леонард, Оскар де ла Хойя ва Флойд Паттерсон эришган.

34 ёшли Молина фаолиятида тўртинчи мағлубиятини қайд этди. У 25 ғалабага (19 - нокаут) эришган. У ўтган йилнинг июнида WBC йўналиши камари учун америкалик Деонтей Уайлдерга ҳам қарши жанг қилган ва ютқазганди.

АҚШ вакили Деонтей Уайлдер ҳозирда ҳам WBC версияси бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади, WBO ва WBA камари британиялик Тайсон Фьюридан олиб қўйилган, WBO янги зеландиялик Жозеф Паркерга тегишли, WBA камари бўш турибди.

Мавзуга оид