Ўзбекистон | 19:57 / 19.12.2016
77440
6 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ янги Қонунида бир қатор ўзгаришлар қайд этилди

Фото: norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан Фуқаролик рўйхатга олиш қоидалари (бундан кейин Қонун деб юритилади) тасдиқланди. Бундан аввалги таҳрир эса (1999 йилнинг 12 апрелидаги 171-сонли қарори) ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланади. Norma.uz икки таҳрирнинг қисқача қиёсий таҳлилини келтирди
  
Қонунда энг аввало ФҲДЁ органлари таркибига кирувчи идоралар рўйхати берилган: 
ФҲДЁнинг шаҳарлар ва туманлардаги бўлимлари;
Никоҳ уйлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг ФҲДЁ архивлари ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри адлия бошқармалари.
  
Эндиликда Қонун ва қонунчиликнинг бошқа ҳужжатларида келтирилган талабларга жавоб бермайдиган ҳужжатлар тақдим этилган ҳолатда улар рўйхатга олинмаслиги мумкин. 
 
ФҲДЁ органлари ходими, шунингдек консул ўзи, турмуш ўртоғи, ўзи ва жуфтининг қариндош-уруғларига тегишли  ҳужжатларни рўйхатга олиш, уларга ўзгартириш, тўғрилаш ёки қўшимча маълумот киритиш ҳуқуқига эга эмас. Бундан аввалги Қонунда тақиқ фақат ўзи, турмуш ўртоғи ва фарзандларига нисбатан жорий қилинган эди. 
 
Шундай вазият юзага келган тақдирда, рўйхатга олиш ФҲДЁнинг бошқа ходимлари томонидан амалга оширилади. 
 
Бундан буён туғилганлик тўғрисидаги маълумотнома янада батафсил бўлиши керак.
 
Хўш, туғилганлик тўғрисидаги янги тиббий маълумотнома қандай мазмунда бўлиши керак?

Онанинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили, туғилган санаси, миллати, фуқаролиги, оилавий аҳволи, маълумоти (олий, ўрта);
Боланинг туғилган вақти, санаси, жойи, жинси, вазни ва бўйи;
Ҳомиладорлик муддати, нечанчи ҳомиладорлик;
туғилиш мезонлари (нафас олиши, юрак уриши, киндик пульсацияси, мушаклар қисқариши);
тиббий маълумотнома берилган вақт, унинг тартиб рақами ва тиббий муассаса номи.
 
Туғруқхонадан ташқарида, тиббий ёрдамсиз дунёга келган бола ҳақидаги тиббий маълумотнома шу онадан фарзанд туғилганига гувоҳ бўлган кишилар иштирокида тузилган ва маҳаллий шифокор томонидан тасдиқланган ҳужжатга асосан берилади. Бундан аввал шундай вазиятлар юзага келган тақдирда гувоҳлар маълумотноманинг ўзини имзолаб қўйишарди. 
 
Қонунга кўра, боланинг фамилияси миллий анъаналарга мувофиқ, бобосининг (ота ёки онанинг отаси) номидан келиб чиқиши мумкин. Бундан аввал эса отанинг исмидан келиб чиқиб ҳам фамилия берилиши мумкин бўлган.
  
Фарзанд асраб олиш  бўлимига киритилган ўзгаришлар эса бу жараённинг бундан буён суд орқали амалга оширилиши билан боғлиқ. 
   
Янги Қонунда кўрсатилишича, эндиликда никоҳни қонунийлаштиришда неча киши гувоҳлик бериши оила қураётган ёшлар томонидан белгиланади. Бундан аввалги Қонунда уларнинг сони икки кишидан ошмаслиги керак бўлган. 
 
Хориж фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс никоҳдан ўтиш учун ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасидан ташқари, жорий вақтда қонуний никоҳда эмаслигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак. Барча ҳужжатлар давлат тилидаги таржимаси билан топширилади. 

ФҲДЁ никоҳни рўйхатдан ўтказгандан сўнг белгиланган тартибда хориж давлатига унинг фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан никоҳдан ўтгани тўғрисидаги хабарни етказади. 
   
Муайян ҳаракатлар ва уларнинг амалга оширилиш тартиби муддатларига ҳам ўзгаришлар киритилди:

Ҳужжат ёзувларининг қайта тикланишига доир аризани кўриб чиқиш - 1 ой давомида (аввал - 15 кун);
Ҳужжатга ўзгартиришлар, тўғирлашлар ва қўшимча маълумот киритишга доир аризалар - ариза тушган кундан бошлаб 15 кун давомида (аввал - аризага қўшимча барча ҳужжатлар илова қилинган вақтдан бошлаб);
Фамилия, исм ва отанинг исми ўзгаришига доир ариза - ариза топширилган кундан бошлаб 2 ой ичида (аввал - 45 кун). 

Барча ҳужжатлар давлат тилида, лотин алифбосида тўлдирилади. Давлат тилини билмайдиган шахслар таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин бўлади. 

Бундан ташқари, имконияти чекланган кишилар иштирокидаги ҳужжатларни қайд этишнинг янги тартиби келтирилган. Кўзи ожиз инсоннинг ҳужжати қайд этилаётган пайтда ҳужжат мазмуни ФҲДЁ органи ходими томонидан ўқиб берилади. Агар кар, соқов фуқаро етарли билимга эга бўлмаса, ҳужжатни рўйхатдан ўтказиш вақтида унга ҳужжат мазмунини етказиб бера оладиган шахс иштирок этиши мумкин. 

ФҲДЁ ходимлари хизмат жараёнида ўзларига маълум бўлган маълумотларни ҳатто меҳнат шартномаси тугаганидан кейин ҳам овоза қилиши тақиқланади.

Ҳужжатлар нусхалари Адлия вазирлиги, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, нотуриуслар, шунингдек республиканинг ФҲДЁ органлари ва консуллик муассасалари сўровига биноан берилади. Ҳужжатлар нусхалари фуқароларга берилмайди.

Махфийлик қонунларига риоя қилмаган ходимлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. 

Эндиликда ФҲДЁ органлари тегишли адлия бошқармаларига туғилиш, ўлим, никоҳ қуриш ва уни бекор қилишга оид ойлик ҳисоботни 97 шакл кўринишида, электрон ва қоғоз вариантларда тақдим этишлари керак бўлади. 

Шунингдек ФҲДЁ органларини текшириш муддатлари белгиланди:

Адлия вазирлиги томонидан - ҳар 2,5 йилда 1 марта (аввал - ҳар 2 йилда 1 марта);

Адлия бошқармалари томонидан - ҳар 2 йилда 1 марта (аввал - ҳар йили 1 марта).

Мавзуга оид