Андижонда янги қиличбозлик мажмуаси фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда кўпгина спорт турлари қаторида қиличбозлик спортига, уни янада ривожлантириш, ёшлар орасида оммавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг учун энг аввало моддий техник базани мустаҳкамлаш, вилоятларда селекция ишларини кучайтириш, мураббийлар савияси ва маҳоратини ошириш Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан устивор вазифа сифатида белгиланган.
Зеро 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида қиличбозлик федерацияси олдига анчагина жиддий вазифалар қўйилган.
Куни кеча Андижон шаҳрида янги қиличбозлик саройи фойдаланишга топширилди. Мажмуа ўз ичига машғулотлар зали, меҳмонхона, тренажёр залларини олган бўлиб, бу ерда ёшлар спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар мухайё этилган.
Машғулотлар залининг майдони 24Х42 ўлчамда бўлиб унда саккизтадан ўнтагача қиличбозлар махсус йўлакчасини ўрнатиш имконияти бор, шунингдек 50 кишилик меҳмонхона ўқув-машғулот йиғинларига ташриф буюрадиган спортчиларни қабул қилишга тайёр.
Энди ўз ўзидан хақли савол туғилади. Хўш, мазкур мажмуа нега айнан Андижонда бунёд этилди? Биринчидан шу пайтга қадар қиличбозлар учун халқаро стандартларга жавоб бера оладиган ўқув машғулотлар базаси деярли йўқ эди. Фақат пойтахтда қиличбозлар зали мавжуд бўлиб, бу бутун Республика бўйича маҳоратли спортчиларни тайёрлашга табиийки камлик қиларди.
Иккинчидан Андижон вилояти ўзбек спортига бир қатор истеъдодли қиличбозлар, жумладан Лондон Олимпиадаси иштирокчиси Руслан Кудаев, Жамоавий баҳслар бўйича Осиё чемпионлари - Жавоҳир Нурматов, Абдулбосит Насриддинов, Санжар Собиров, Осиё чемпионатининг икки карра кумуш медаль соҳиби Саидбек Джеенбаевларни тарбиялаб берган.
Боз устига Андижон мамлакатимиздаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан ҳисобланади. Айнан шу жиҳатлар инобатга олиниб қиличбозлик мажмуаси шу ерда бунёд этилди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси вакиллари, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.
Яна бир янгилик. Ҳозирда пойтахтимиздаги Республика олимпия заҳиралари колежи ҳудудида қиличбозлар учун яна бир машғулот зали тайёрланмоқда. Умид қиламизки спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш йўлида қилинаётган сайъи ҳаракатлар яқин келажакда ўз мевасини беради. Бунинг самараси ўлароқ мамлакатимиздан янгидан янги истеъдодлар етишиб чиқишади ва халқаро майдонда, энг нуфузли мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024