Фан-техника | 16:24 / 26.12.2016
16985
7 дақиқада ўқилади

«Apple яна диққатини йўқотмоқда, аммо бу сафар Жобс ёрдам бера олмайди»

Фото: Getty Images

Дунёнинг энг йирик юқори технология маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Apple корпорацияси дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида Business Insider нашри муҳаррири Дэйв Смит фикр юритишга қарор қилган. Ушбу компания маҳсулотлари сони ортгани сайин, уларнинг сифати бузила бошламоқда. Смитнинг ишонч билдиришича, Apple 20 йил муқаддам бу босқичдан бир бора ўтган. Ўшанда, Стив Жобснинг қайтиши ва маҳсулотлар сонини қисқартириш бўйича радикал сиёсати муваффақият келтирган эди. 

«Стив Жобс Apple компаниясига қайтган вақтда, корпорация энг ёмон ҳолатини бошдан кечираётган эди», — деб ёзади Business Insider муҳаррири Дэйв Смит. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Apple II ва Macintosh компьютерлари ишлаб чиқарилганидан сўнг эришилган натижалар компанияга муваффақият келтирган бўлса-да, орадан 10 йиллар ўтгач, даромадлар пасая борди, 1996 йилда савдо ҳажми 30 фоизга қисқарди. 

«Бунга компания томонидан кўп турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши сабаб бўлди. Гарчи, компания Macintosh компьютерларидан бир неча хилини ишлаб чиқарса-да, истеъмолчиларга улар орасидаги фарқ мижоз тилида етказиб берилмаган. Соддароқ айтганда, компания диққатини йўқотган эди», — деб ёзади Смит.

Бироқ, Жобснинг қайтиши ҳаммасини ўзгартириб юборди.

1997 йил сентябрида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сони 70 фоизга қисқартирилиб, принтерлар ва сервер ускуналаридан воз кечилди. «Сизлар истеъдодли кишиларсиз. Сизлар бу каби қаёқдаги жиҳозларга вақт сарфламанг», — деган эди Apple раҳбари. 

«Стратегиянинг бундай кутилмаганда ўзгариши компанияни сақлаб қолди. Шу билан бирга, маҳсулотлар сони қисқартирилгани сабабли, Apple 3 мингдан ортиқ ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлди. Ва келаси январь ойида Жобс даромад келтирган чораклик якунини эълон қилди. Бу бир неча йиллар давомида эришилмаган натижа эди. Apple ҳеч қачон қилмаган ишига қўл урди ва у иш берди», — деб ҳикоя қилади Смит. 

«Жобс ва дизайнерлик бўлими раҳбари Жонни Айв компанияда бирорта ортиқча нарса бўлмаслиги борасида қайғуришди. Шу сабабли, маҳсулотлар, бизнес ва маркетинг айни шу ғоя маҳсули бўлди», — деб ёзади Business Insider.

Натижада, iPod, iPhone ва iPad зудлик билан дунёни забт этди ва одамларнинг технологиялар билан ўзаро муносабатини ўзгартириб юборди. Apple дунёнинг энг қиммат ва энг йирик компаниясига айланди. 

«Аммо, 2011 йили Жобс бу дунёни тарк этди. Унинг ҳамкори ва ғоявий издоши Айв эса, компанияда тобора камроқ кўринмоқда. Кўпчилик унинг кетишига ишонмоқда. Бироқ, Apple корпорациясининг бу йилги натижаларидан айтиш мумкинки, Жобс ва Айвсиз қоладиган компания муаммоларга дуч келадиган кўринади», —деб ёзади Смит.

Чунки, Apple ҳозирда, 46 турдаги маҳсулотини ишлаб чиқаради, булар смартфонлардан планшетларгача, соатлардан компьютерларгача. «Маҳсулотлар сони муҳим эмас, уларда аниқланган муаммо ва носозликларга барҳам бериш муҳимроқ. Ҳар бир янги Apple маҳсулоти эса, нуқсонсиз чиқмаяпти», — дея таъкидланган Business Insider нашри.

iPhone

iPhone 6 ва iPhone 6s смартфонларининг кўплаб эгалари, батарея тўла бўлса ҳам телефоннинг ўчиб қолишидан нолишади. «Аммо, Apple бу камчиликни батараф эта олмади ёки компания бу маълумотларни шунчаки ошкор қилишни хоҳламаяпти», — деб ёзади Смит.

MacBook Pro

Батареянинг ишлаш давомийлиги рекламада айтилганидан камроқ бўлиб чиқди. «Apple қурилма 10 соатгача қўшимча қувватсиз ишлашига ваъда берганди, бироқ, кўпгина харидорлар, батарея кучи 7-8 соатга етаётганини қайд этишган. Бундан ташқари, янги моделда SD-карта ва MagSafe коннектори учун тирқиш мавжуд эмас. Шу билан бирга, анчагина қиммат экани харидорлар ва мухлислар эътирозига сабаб бўлди». 

AirPods

Apple симсиз қулоқчинларнинг илк партиясини октябрь ойида сотувга чиқаришга улгурмади, улар декабрь ойи ўрталарида пайдо бўлди. Қолаверса, EarPods қулоқчинларига нисбатан анча қиммат экани ойдинлашди. 

Apple Watch

Иккинчи авлод Apple соатлари аввалги намунасидан деярли ҳеч нарса билан фарқ қилмайди. «Энди у сув ўтказмайди ва GPS-модулга эга холос. Бироқ, интерфейс жиҳатидан мақтовга лойиқ эмас».

Apple TV

Смитнинг фикрича, қурилманинг бошқарув пульти жуда ҳам ноқулай. «У жуда кичик, бунинг устига, сенсор панели жуда сезгир. Шу боис, пульт доим йўқолиб қолади ёки озгина тегиб кетилса, ишлайди. Унинг нуқталари кўплигига қарамай, Apple раҳбарияти маҳсулот дизайнини маъқуллаганидан ҳайронман», - деб ёзади Смит.

Ўтказгичлар

«Янги iPhone’да симли қулоқчиндан фойдаланиш учун махсус коннекторлар талаб этилади. Янги MacBook учун масалан, SD-карт ва Lightning-коннектор каби бошқа улагичлар лозим. Буларнинг барчасини олиб юриш жуда ноқулай, чунки улар осонлик билан йўқолиб қолиши мумкин», — деб ёзади Дэйв Смит.

Мақола муаллифи реклама ва дастурий таъминотдаги муаммоларга ҳам эътибор қаратган. Унинг фикрича, Apple компаниясининг кўплаб дастурлари ва хизматлари эскирган ва уларни янгилаш зарур

Apple Music интефейси 2016 йилда янгиланган бўлса-да, фойдаланишда ноқулайдир. 
App Store платформасида тўлиқ тартибсизлик ҳукм суради, дейиш мумкин. У ерда янги иловани қидириш умуман қизиқарли эмас. 

Apple компаниясининг («Почта», «Об-ҳаво», «Янгиликлар» каби) стандарт иловалари ҳам бошқаларникига қараганда яхши эмас. Муаллиф, шунингдек, Apple реклама кампаниялари сифати ҳам тушиб кетганидан қайғурган: «Маркетинг Жобс севган жиҳатлардан бири эди. Масалан, "1984", "iPod силуэти", ёки Think Different кабилар, энг ажойиб реклама кампаниялари эди», - деб ёзади мақола муаллифи Дэйв Смит.

Мавзуга оид