Бухорода ота-онасини тириклайин ёқиб юбормоқчи бўлган ўғил 16 йилга қамалди
Тўнғич ўғил Фарҳоднинг муқим бир ишнинг бошини тутмагани, кексайган Носир ота билан унинг кампирини ташвишга қўя бошлади.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, 2003 йилда Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган ўғил 11 йил давомида бирор марта ота-онасини телефон орқали бўлса-да, йўқламади. Шундай бўлса-да, Носир ота билан Шабон ая хориждан уйига қуппа-қуруқ кириб келган фарзандларини кечириб, яна бағриларига олишди. Бир эмас, беш марта уйланиб ҳам ҳаёт, оила қадрини англашга маънан ожиз Фарҳод Эгамов аввалги хотинидан туғилган ўғли учун алимент тўлаши ҳақидаги суд ижро варақасини кўрди-ю, унда яна Россияга кетиш илинжи пайдо бўлди.
- Менга пул топиб беринглар, Россияга кетаман.
- Ўша жойда пул экиб қўйилмагандир?! Бинойидек қурилишда ишлай оласан. Шу ерда хотин, бола-чақанг олдида бўлганинг маъқул, - деди Носир ота жаҳли чиқиб.
- Отанг тўғри айтадилар, болам. Мана, қизалоғинг Ситорабонуни қара, “дада”лайдиган бўлиб қолди. Комилжонинг ҳам катта бўлиб қолди.
- Бир умр шундай бўлган. Ҳеч қачон менинг гапим тўғри чиқмаган. Ўз билганларингдан қолмайсизлар. Кетаман дедимми, кетаман! Пул бермасаларинг, оғилхонадаги сигирни сотиб бўлса ҳам кетаман!
Фарҳод қариб қолган ота-онасига суянч бўлиш, уларни боқиш, кўнгилларига қараш ўрнига яна Россияга отланди. Аммо кексаларнинг розилигини олмаган ўғил фуқаролик паспортига тақиқ қўйилгани боис, Астрахандан ортга қайтди. Чўнтагида хемири йўқ, ярим тунда уйига кириб келган ўғилга ота-онаси пул топиб бера олишмади. У хотинининг тилла зирагини такси ҳайдовчисига кира ҳақи ўрнига бериб юборди.
Ота ноқобил фарзандидан безиб бўлган эди. Келини Хуршида қайнотасининг олдига ўғлига насиҳат қилишларини сўраб келганида, чол-кампир ўйга толишди. Қандай йўл тутишни билишмасди. Ўйлай-ўйлай, бир қарорга келган ота ўғлини ҳузурига чақирди.
- Якшанбагача сенга муҳлат. Рўзғорингни алоҳида қилиб бераман. Инсон яшаш учун ҳаракат қилиши керак. Қачонгача онанг билан менинг пенсиямга яшайсан, ахир! Виждон борми, сенда?!
Бу каби танбеҳу жанжаллар кунора давом этар, ота-она ва ўғил ўртасидаги муносабатга аллақачон дарз кетиб бўлган, меҳр-оқибат ришталари узилай-узилай, деб турган эди.
2016 йил 25 январь кеч соат 18:00ларда божасининг тўйига отланган Фарҳоднинг кўзига қариб қолган ота-онаси энг хавфли душмандек кўриниб кетди. “Бу масалани ўйлаб кўришим керак”, деган ўй ялт этиб миясидан ўтди. Тўйда спиртли ичимлик истеъмол қилган Фарҳод уйга қайтди.
Ётган хоналарига қўққисдан кириб келган ўғлини кўриб, қўрқиб кетган она бир чўчиб тушди.
- Қайси биринг мени кўришни истамайсан?! – оғзидан тупук сачратиб ҳезланди Фарҳод.
- Отанг ухлаяптилар. Уйғотиб юборасан, - деди кампир.
Ўғлининг жаҳл ва қаҳрини кўриб, юраги тубида оғриқ сезди. Бир зумда Фарҳодни дунёга келтиргани, бедор ўтган тунлари, у оғриб қолганида жонинида беришга тайёр бўлган лаҳзалар кўз ўнгидан ўтар экан, ўзини ўта бахтсиз ҳис этди.
- Мени ҳайдаганларинг учун бу уйни ёқиб юбораман! – деб бақирди Фарҳод.
Аслида ота-онасини тириклайин ёқиб юборишни режалаштирган ўғил қўшни қишлоқлик танишидан 2 та елим идишда бензин ҳам келтириб қўйган эди.
Хона ичига бензин сепиб, ўт қўйган кўрнамак фарзанд эшикни орқадан танбалаб қўйди. Дод-фарёдни эшитиб, ёрдамга келган келин қайнона-қайнотасини қутқариб қолди.
Суд ҳукмига кўра, Фарҳод Эгамов 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Мавзуга оид
14:38
Бухорода чўлдан саксовул синдириб олиб кетаётганларга 40 млн сўм жарима қўлланди
13:11 / 18.11.2024
Хитой Бухорода "яшил" саноат паркини барпо этади
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
12:01 / 09.11.2024