Жаҳон | 08:05 / 26.12.2016
11557
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШнинг янги ҳарбий бюджетидан жиддий ташвишда

Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин Пекин расмий Вашингтонга АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама томонидан имзоланган мамлакатнинг ҳарбий бюджети юзасидан ўз норозилигини билдиргани ҳақида маълум қилди. Унда Тайвань билан ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган. Бу ҳақда маҳкама сайтида хабар қилинди.

«Биз АҚШ ҳарбий бюджети қонунидаги ушбу бандга кескин қаршимиз ва америка томонига тегишли мурожаат юбордик. Ушбу қонун имзоланишидан норозимиз», - дейилади Хуа Чуньиннинг баёнотида.

Маҳкама вакилининг таъкидлашича, Тайвань масаласи Хитойнинг ҳудудий яхлитлигига алоқадор бўлиб, бюджетдаги ушбу банд мамлакатнинг ички ишларига аралашув ва АҚШнинг ўз мажбуриятларини бузишидан ўзга нарса эмас.

«Биз америка томонини ушбу масала бўйича ўзига олган мажбуриятларини бажаришга, Тайвань билан ҳарбий алоқаларни бас қилишга ва қурол-яроғни етказиб беришни тўхтатишга чақирамиз. Бу хитой-америка муносабатларига ва Тайвань бўғозида барқарорлик ва тинчликка жиддий зиён етказиши мумкин», - дея хулоса қилди Хуа Чуньин.

Аввалроқ, расмий Пекин АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг «ягона Хитой» сиёсатини танқид қилганидан сўнг жиддий ташвишда эканини билдирганди.
 

Мавзуга оид