Жамият | 13:34 / 02.01.2017
27762
5 дақиқада ўқилади

2016 йилнинг тиббиёт соҳасидаги энг муҳим ҳодисалари

Маълумки, тиббиёт бир жойда турмай, мунтазам ривожланиб келади. Кун сайин даволашнинг янги технологиялари, янги ташхис усуллари ва тиббий гаджетлар кашф қилинмоқда. 2016 йил тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида турли ҳодисаларга бой бўлди. Hi-News уларнинг энг асосийларини ёдга солди. 

1. Асос ҳужайралар

Асос ҳужайралар бутун дунё олимлари тадқиқотларининг объектлари ва муҳокама мавзуларига айланганига анча бўлди. 2016 йил ҳам худди шундай кечди. Мазкур соҳада кўп изланишлар олиб борилди. Ҳаттоки сунъий асос  ҳужайраларини яратишга муваффақ бўлинди. Асос  ҳужайраларидан фойдаланишнинг энг самарали усулларидан бири улар ёрдамида даволаш ҳисобланади. 2016 йилнинг бошида олимлар биринчи марта шол бўлган кишиларни оёққа турғизишга муваффақ бўлишди. Тажриба Стэнфорд университети базасида бўлиб ўтди, унда 33 ёшдан 75 ёшгача бўлган 18 нафар киши иштирок этди. Уларнинг барчаси тажрибадан анча аввал фалажга йўлиққан бўлган. Тадқиқот давомида шифокорлар миянинг шикастланган қисмига асос ҳужайралар инъекциясини юборишди. Илк ойданоқ беморларда ижобий томонга ўзгариш сезилди, яъни уларнинг сезувчанлиги ва ҳаракатланиш фаоллиги яхшиланди. Йил охирига бориб, тадқиқотнинг баъзи иштирокчилари аллақачон йўқотган функцияларини қайта тиклаб, оёққа туришга муваффақ бўлишди. 

2. Диабет билан курашиш

Диабетни назорат қилиш мумкин бўлса-да, унинг ҳануз давоси йўқ. Олимлар 2016 йилда ошқозон ости безини чўчқалардан кўчириб ўтказишни таклиф қилишди, қондаги қанд миқдорини назорат қилувчи махсус пластирь ишлаб чиқишди ва ҳатто бионик ошқозон ости безини қўллаш бўйича синовлар сериясини муваффақиятли ўтказишди. 

Бироқ энг аҳамиятга молик ҳодиса - қанд миқдори даражасини назорат қилишга ёрдам берувчи сунъий ҳужайраларнинг яратилиши десак, муболаға бўлмайди. Бу ҳужайралар махсус капсулага солинган ва улар қондаги қанд миқдорининг ўзгаришига жавобан инсулин ишлаб чиқара олади. Бу усул ҳозирча фақат кемирувчиларда синаб кўрилди, лекин 2017 йилда уни инсонларда синаб кўриш  режалаштирилмоқда. 

3. Саратонни даволашнинг янги усули

Саратонни даволашга доир тадқиқотлар мунтазам ўтказилади. Энг "технологик" усуллардан бири графендан фойдаланиш усулидир, бироқ ҳозир гап бу ҳақида бормайди. Даволашнинг янги усули туфайли шифокорлар лейкемияга учраган 90 фоиз беморларда ремиссияга эришишди. Тадқиқот давомида лейкоцитлар беморларнинг қонидан олиниб, ўзига хос тарзда модификация қилинди ва кейин қон оқимига қайтарилди. Тажрибада иштирок этаётган беморларнинг 10 фоизида организм бундай жараённи қабул қила олмади, бироқ аксарият беморларда касалликнинг ремиссия (Реми́ссия - касаллик белгиларининг камайиши ёки йўқолиши) босқичига ўтиш кузатилди. 

4. Сунъий тери

Шубҳасиз, трансплантология — сунъий органлар яратиш жараёнларининг имкон қадар тезроқ ривожланиши муҳим бўлган соҳалардан бири. 2016 йилда сунъий органлар, мушаклар ва ҳатто асаб ҳужайраларини яратиш бўйича бир қатор изланишлар олиб борилди, бироқ уларнинг барчасида бир камчилик мавжуд: улар жудда қиммат баҳоланади, бу эса кундалик тажрибада уларни қўллашга тўсқинлик қилади. Чилилик олимлар сув ўтлари асосида арзон,  шу билан бирга организм томонидан рад этилмайдиган сунъий терини яратишга муваффақ бўлишди. 2017 йилда ўтказилиши режалаштирилган тажрибалар серияси муваффақиятли якун топса, бу косметология ва қайта тикловчи тиббиётда янги имкониятларга йўл очади. 

5. Аутофагия механизми кашфиёти учун Нобель мукофоти

Илм дунёсининг энг ёрқин ҳодисаларидан бирини четлаб ўтиб бўлмайди, албатта. 2016 йилда Токио технология университети профессори жаноб Ёсинори Осуми аутофагия ("ўз-ўзини ейиш") механизми кашфиёти учун физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича нуфузли Нобель мукофотига сазовор бўлди. Осуми шикастланган ҳужайра компонентларини олиб ташлаш ва йўқ қилиш жараёнига таъриф берди. Ушбу кашфиёт туфайли турмуш сифатини сезиларли даражада яхшилаш, "организмни ичкаридан тозалаш" ва ёшартириш мумкин бўлади. Натижада ҳаёт давомийлиги анча узаяди.

Мавзуга оид