Ўзбекистон | 18:45 / 02.01.2017
40216
5 дақиқада ўқилади

Мамлакатнинг Бош арчаси Тошкент марказида катта тирбандликни келтириб чиқарди

Фото: Sputnik

Ўзбекистон бош арчасининг Мустақиллик майдонидан Анҳор-Локомотив боғи ёнига кўчирилиши ҳақидаги қарор пухта ўйланган ва тўғри ишдек таассурот уйғотган эди, деб хабар бермоқда Спутник.

Аммо томошаларнинг илк кунлариданоқ бу хом тасаввур эканлигини исботланди. Арча нафақат шу атрофда яшовчи пойтахт аҳолиси, балки, Янги йил маликасини томоша қилишга келгувчилар учун ҳам бир қатор ташвишлар келтирди. Илгарилари Янги йил арчаси маъмурий квартал деб аталмиш — Мустақиллик майдонида қад ростлар эди. Милиция ходимлари арча ёнидан ўтадиган асосий трассани ёпар, МХХ биноси ёнидан вақтинчалик йўл очилар эди ва тирбандлик масаласи шу билан қисман бўлса-да, ҳал этиларди.

Энди нима ҳолат юз берди. Арчани аҳоли энг зич жойлашган ва олиб келувчи ҳамда ундан олиб чиқувчи йўллар саноқли бўлган туманда ўрнатишди. Бундан ташқари, ҳудуд ёнидан шаҳарни бир нечта туманлар билан боғловчи гавжум трассалар ҳам ўтган. ЙҲХББ ходимларининг пухталик билан ташкиллаштирилмаган иши билан ҳамоҳанг бу ҳолат туманда доимий тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлди. Ҳайдовчилар ва фуқаролар ўзларининг илк норозиликларини ижтимоий тармоқларда билдиришди. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бири бош арча атрофидаги ҳолатга қуйидагича изоҳ қолдирган: "Лабзакда тартибсизлик авжида. Тирбандлик шу даражадаки Абу-Сахий дам олади. Мелисалар сон-саноқсиз, аммо бу аҳоли энг зич жойлашган кварталлардан бири бўлгани сабаб, улар ҳам бунинг уддасидан чиқа олмаяптилар".

“Арчани ҳар доимгидек Мустақиллик майдонида ўрнатиш керак эди. Аммо раҳбарият тўғри қарор қилган бўлса керак, балки шундай қилиш керак бўлгандир, бироқ бундай туманда шундай даражадаги тадбирни ўтказишди ва мана, ҳатто ДАН ходимлари ҳам эплай олмаяпти”, — дея фикр билдирган интернет фойдаланувчиларидан яна бири. 

"Деярли барча автомобилда келишини ҳисобга олсак, арча учун жой унчалик яхши танланмаган. У ерга бир-икки соатга боришни хоҳлаймиз, бироқ тирбандликда қолиб кетишдан одам чўчийди”, - дея ёзган яна бир фойдаланувчи.

Ушбу ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида Sputnik мухбирлари воқеа жойига боришди. Ҳақиқат интернетда айтилган гапларга мос тушди. Хиёбонга келиш учун 30 дақиқача тирбандликда туришга тўғри келган. Бундан ташқари, хиёбон ёнида автотураргоҳ ҳам ташкил этилмаганлиги ойдинлашди - машиналар йўллар четида, йўлакларда, автобус бекатларида қолдириб кетилган ва бу билан шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада чигаллаштирган эди. Мухбирлар шу ён-атрофда турган уйларнинг бирининг ҳовлисига ўз машиналарини қўйишга мажбур бўлдилар.

Айтиш жоизки, ЙҲХББ ходимлари ҳақиқатдан ҳам юзага келаётган тартибсизлик билан қандай курашишни билмасдилар. "Кўз олдимизда йўлни тартибга солиб турувчи ДАН ходимларидан бири ҳолатни яхши томонга ўзгартира олмай, ҳаммасига қўл силтади ва вазиятни бошқаришни ҳайдовчиларнинг ўзларига қўйиб берди", — дейди мухбир.

"Томошабинларга ноқулайлик туғдирган ҳолатларнинг яна бири — бу боққа кираверишда "металлоискатель", яъни темирни аниқлайдиган махсус ускунанинг ўрнатилгани бўлди. Бу ерда аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида текширувдан ўтказилмоқда. Ҳеч ким бу тўғри иш эканлигига шубҳа билдирмоқчи эмас, албатта. Аммо одамлар гавжум бўлишини инобатга олган ҳолда бундай ускуналар сони икки баробарга кўпайтирилиши керак эди. Ахир, боққа кираверишда ҳосил бўлган навбат туфайли яна вақт йўқотишга тўғри келди.

Хуллас, юқорида айтиб ўтилган тўсиқларни енгиб, ичкарига кирсангиз, бош арча нега бу ҳудудга кўчирилганини тушуниб етасиз. Ҳудуднинг бепоёнлигини кўриб дилингиз яйраса, аттракционлар ва томошалар сони Мустақиллик майдонидагидан кўплигини кўриб, қувончингизга қувонч қўшилади. Мустақиллик майдони бунча одамни ўз бағрига оломаслиги ҳам ҳақиқатдек бўлиб кўринади. Қисқаси, агар тирбандликни енгиб, автотураргоҳлар йуқлигига ҳам тан бериб, кираверишдаги навбатларга ҳам рози бўлиб, бош арча ўрнатилган хиёбонни томоша қилиш истагингиз бўлса, марҳамат! Барча тўсиқларни енгиб ўтгач, томошалар ва аттракционларгача етиб борасиз, деган умиддамиз", дея якунланган мақола.

Мавзуга оид