Ўзбекистон | 18:27 / 06.01.2017
10780
2 дақиқада ўқилади

“Қарши–Деҳқонобод” темир йўл участкасининг 90 километри электрлаштирилди

Фото: railway.uz

Янги йил арафасида “Қарши-Деҳқонобод” темир йўл участкаларида 90 километрлик масофада электрлаштириш ишлари тўлиқ якунланди. Бу жараёнга 2016 йилнинг сентябрь ойида киришилган, деб хабар бермоқда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати.

Бу “Қарши–Термиз” участкасида электрлаштириш бўйича лойиҳанинг бир қисми бўлиб, умумий узунлиги 325 километрни ташкил этувчи йўналишда электр-монтаж ишлари босқичма-босқич амалга оширилаяпти. Унинг якунига кўра, соҳа ходимлари эндиликда темир йўлларни тўлиқ электрлаштириш ва аксарият ҳудудларда электропоездлар ҳаракатини ташкил қилиш, юк ва йўловчи ташишда самарадорликка эришишга ҳаракат қилишмоқда. 

Темир йўлни электрлаштиришда ишлатилаётган асосий эҳтиёт қисмлари Ўзбекистон корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “1–сонли энергомонтаж поезди” унитар корхонаси томонидан 2000 та темир-бетон устунлар, 1800 та консол, 167 та металл кўндаланг кесмалар, 224 километрлик контакт тармоқлари қуриб битказилди. 

“Қарши–Деҳқонобод” темир йўл участкасидаги электр-монтаж ишлари 2017 йилда тўлиқ якунланади.