Light | 10:26 / 07.01.2017
41805
6 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг ғаройиб 10 аэропорти

Муҳандисларнинг ажойиб ғоялари асосида яратилган дунёнинг энг ғаройиб 10 аэропорти рўйхати тақдим этилди. Don't Panic ажабтовур дунё аэропортларининг рўйхатини тузишда қуйидагиларга эътибор қаратди: қўниш чизиғининг узунлиги ва шакли, жойлашув ва қўшимча функционал. Маълум бўлишича, дунёда ҳам автомобиллар йўли, ҳам гольф майдони вазифасини ўташи мумкин бўлган аэропортлар талайгина экан. Шунга қарамай, бу аэропортлар барча мамлакатлардан қатновчи мунтазам рейсларни қабул қилиб, муваффақиятли хизмат кўрсатиб келмоқда.

 

Куршевель Халқаро Аэропорти, Франция

Самолётни 525 метр узунлик ва 18,5 фоиз қияликдаги қўниш чизиғига қўндириш учун анча жасорат керак бўлади. Аэропорт ўзининг "букур" шакли ва жуда қисқа масофали қўниш йўлаги туфайли Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олган. Ҳеч нарсадан хабари йўқ авиайўловчилар тоғларнинг бетакрор манзарасига мафтун бўлиб ўтирган бир вақтда учувчилар машаққатли вазифани бажаришади. Қўниш ҳақиқатда фавқулодда вазиятларда бажарилади, чунки йўлакнинг охири кўринмайди, бунинг устига қияликда парвоз қилишга тўғри келади. 

 

Гибралтар Халқаро Аэропорти

Гибралтар Халқаро Аэропорти - дунёдаги энг ноёб аэропортлардан бири. Унинг қўниш йўлаги нафақат бир неча юз метр денгиз томон йўналади, балки автомобиль йўли билан ҳам кесишади. Самолётлар учаётган ёки қўнаётган вақтда автомобиллар ва йўловчилар ҳаракати светофорлар ҳамда тўсиқлар ёрдамида тўхтатилади. Аҳоли бахтига, аэропорт ҳафтасига 30дан кам рейсларга хизмат кўрсатади. Уинстон Черчилль проспекти - серқатнов йўл, чунки у мамлакатни қўшни Испания билан бирлаштиради. Транспорт инфратузилмасининг бу қадар тирбандлигига Гибралтарнинг ҳудуди кичиклиги сабабдир, зеро у майдони 6,5 квадрат километр бўлган ярим орол ҳудудида жойлашган. 

 

Малика Юлиана аэропорти, Муқаддас Мартин ороли

Ушбу аэропорт қўниш йўлагининг охири денгиз қирғоғи, Махо соҳилига бориб тақалади. Шундай экан, ҳаво кемалари соҳилда дам олаётган сайёҳлар боши узра 10-20 метр баландликда учиб ўтади. Аэропорт Нидерландия маликаси Юлиана шарафига шундай номланган. Малика аэропорт очилганидан бир йил кейин бу ерда бўлган. 

 

Свальбард аэропорти, Шпицберген, Норвегия

Шпицберген қутб архипелагига хизмат кўрсатувчи асосий аэропорт ҳисобланади. У энг йирик аҳоли пункти ва Норвегиянинг Сваальбард провинциясидаги Лонгйир маъмурий марказида жойлашган. У - Платоберг тоғи этагида бўлиб, Лонгйирдан шимоли-ғарб томон 3 километр нарида. Свальбард  дунёдаги энг шимолий фуқаролик аэропорти ҳисобланади. 

 

Хуанчо-Ираскуин аэропорти, Антил ороллари

Асосий мезон - қўниш йўлагининг узунлиги бўйича Саба оролининг Хуанчо — Ираускин аэропорти дунёдаги энг хавфли аэропорт ҳисобланади. Қўниш чизиғининг узунлиги - 400 метрдан кам бўлиб, унинг атрофи қоялар ва денгизлардан иборат. Бу ҳудуддаги шамол вазиятни янада мураккаблаштиради - Саба ороли кучли шамол эсувчи ороллар сирасига киради, боз устига шамоллар ўз йўналишини мунтазам равишда ўзгартиради. Айнан шу сабаб аэропорт хусусий рейслар учун ёпиқдир. Бу ерда фақат «Windward Islands Airways» маҳаллий авиакомпаниясининг махсус ўргатилган учувчиларгина қўнишни амалга ошира олишади. 

 

Барра, Шотландия

Барра аэропорти — қумли қўниш йўлагига эга ноёб аэропорт. У дунёнинг энг хавфли 10 аэропорти сирасига киради. Аэропорт Шотландиядаги Барра оролининг шимолий бурчагида, Трай Мор кенг кўрфаз қирғоғида жойлашган. Сув оқими аэропорт фаолиятини узиб қўяди. Аэропорт тунда фойдаланишга тўғри келмайди (фақат  фавқулодда парвозлар амалга оширилиши мумкин).

 

Ҳонгконг Халқаро Аэропорти

Аэропорт 1998 йилда тижорат мақсадларида фойдаланиш учун очилиб, Каи Так аэропортининг ўрнини эгаллаган. У муҳим минтақавий юк транспорт маркази, йўловчи хаби ва Хитой, Шарқий ва Жануби-шарқий Осиёга йўл очувчи ҳаво дарвозаларига айлантирилди. Нисбатан қисқа тарихга эга бўлишига қарамай, Ҳонгконг Халқаро Аэропорти бир неча маротаба дунёнинг энг яхши аэропорти сифатида халқаро мукофотларни қўлга киритган. Аэропортнинг ноёблиги шундаки, унинг ҳудудида гольф майдони ҳам жойлашган. 

 

Тонконтин Халқаро Аэропорти, Ҳондурас

Тонконтин аэропортининг денгиз сатҳидан бир неча юз метр баландликдаги қўниш йўлаги ҳаддан ташқари қисқа. Унинг узунлиги атиги 1800 метрни ташкил қилади. Тоғли манзара оғушида қўниш йўлаги зигзагни ёдга солади. Бу ернинг учувчиларидан бири шундай дейди: "GPS-навигатор ихтироси туфайли биз тоғлар орасидан мўлжал олиш имконига эга бўлдик. Йўлакка қўниш учун учувчилар сўнгги сонияларда 45 даражали кескин бурилишларни амалга оширишларига тўғри келади. 

 

Қирол Фахд Халқаро Аэропорти, Саудия Арабистони

Аэропорт инфратузилмаси 1990 йилда қурилган бўлса-да, у тижорат парвозлари учун 1999 йилнинг 28 ноябрида ишга туширилди. Аэропорт йўловчилар фойдаланиши учун ноқулай бўлганлиги учун кўпчилик Баҳрайн Халқаро Аэропортини маъқул кўрарди. Бироқ энди йўл тармоғи тараққий этди ва йўловчилар оқими кўпайди. Шундай бўлса-да, аэропорт мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланмайди, зеро унинг майдони аэропорт учун рекорд ҳудуд - тахминан 500 квадрат километрни эгаллаган.

 

Макао Халқаро Аэропорти

Аэропортнинг қўниш йўлаги денгизнинг сунъий сатҳида, Тайп ороли яқинида барпо этилган. Асосий терминал ва ҳаво ҳаракатини бошқариш иншоотлари Тайп оролида жойлашган. Қўниш йўлаги икки йўл орқали перронга боғланган. 

Мавзуга оид