Жаҳон | 20:01 / 09.01.2017
5438
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар исён кўтарган Кот-д’Ивуар бош вазири истеъфога чиқди

Кот-д’Ивуар бош вазири Даниель Каблан Дункан истеъфога чиққани ва ҳукумат тарқатиб юборилгани ҳақида эълон қилган. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.

"Мен президент Алассан Уаттара билан учрашувдан кейин истеъфо бердим ва ҳукуматни тарқатиб юбордим", - дея вазирлар маҳкамасининг собиқ раҳбари сўзларини келтирган агентлик.

Унинг истеъфоси 2016 йилнинг 30 октябрида ўтказилган референдумдан кейинги тадрижий воқеалар фонида рўй берди.

Янги конституция лойиҳаси вице-президент лавозимини таъсис этишни назарда тутади. Унга кўра, мамлакат президенти бетоб бўлганида, вафот этганида ёки президент ўз ваколатини бажара олмайдиган ҳолатда бўлганида унинг вазифасини бажаради. Вице-президент президент билан бирга сайланади, бу кейинги президентлик сайловларидан бошлаб жорий қилинади. Бундан ташқари, янги конституцияга кўра, президентликка номзоднинг ёши 35дан бошланади, номзоднинг отаси ёки онаси ивуарлик бўлиши керак бўлади. Аввал президентликка фақат отаси ҳам онаси ҳам ивуарлик, ўзи ҳам шу мамлакат фуқароси ва ёши 40-75 ёш оралиғида бўлиши талаб этиларди.

Конституциявий ислоҳот шунингдек, ҳозирги бир палатали парламент ўрнига икки палаталисини таъсис этишни назарда тутади.

Январнинг бошида Кот-д'Ивуарда қуролланган ҳарбийлар мамлакатнинг учта шаҳри – Буака, Далоа ва Корогода тартибсизликлар ва исён уюштиришган. Улар маошларининг оширилишини талаб қилишган.

Мавзуга оид