Жаҳон | 14:17 / 09.01.2017
36452
4 дақиқада ўқилади

Эроннинг "мувозанатни ушлаб турувчи қаноти" энди йўқ

Эроннинг энг нуфузли сиёсатчиларидан бири, собиқ президент Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний юрак хуружи натижасида ҳаётдан кўз юмди. Эрон сиёсатининг "мувозанатни ушлаб турувчи қаноти" ва амалдаги мамлакат  президенти Ҳасан Руҳонийни қўллаб-қувватловчи етакчининг ўлими президентлик сайловлари арафасида вазиятни ўзгартиради. 

Рафсанжоний 82 ёшда бўлган. Сиёсатчи ва йирик ишбилармон Мувофиқлаштирувчи кенгаш - Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаманоий қошидаги маслаҳат идорасини бошқарган.

Эроннинг расмий агентлиги ҳисобланмиш Fars'нинг хабар беришича, Эрон олий раҳбари Али Ҳаманоий ва мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний шимолий Теҳрондаги Рафсанжоний жойлаштирилган шифохонага шошилинч етиб келишган. Мамлакатнинг асосий сиёсий идоралари раҳбарлари ҳам шу ерда ҳозир бўлган. 

Теҳрон раҳбарияти Рафсанжонийнинг коррупцияда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган кенжа ўғли Маҳдийга ҳам отаси билан хайрлашишга изн берди. 

Эрон олий раҳбари Рафсанжонийнинг ўлими улкан йўқотиш бўлганини айтди. "Қарашлар ва фикр-мулоҳазаларимиз фарқ қилишига қарамай, бу бизнинг дўстлигимизга раҳна сола олмасди", - деди Ҳаманоий марҳум ҳақида. 

Рафсанжоний шоҳ режимининг қулашида фаол иштирок этган, кейинчалик инқилобдан кейинги Эронда асосий лавозимларни эгаллаган ва Ҳомайнийнинг ўлимидан кейин (1989 йилда) мамлакатнинг олий раҳбари бўлиш учун барча имкониятларга эга эди. Бироқ у Эрон сиёсий тизимида иккинчи даражадаги мавқеда қолишни афзал, деб билди. Шундан кейин олий раҳбарлик Али Ҳаманоийга насиб этди. Рафсанжоний эса 1989-1997 йилларда Эрон президенти лавозимида фаолият юритди. 

Мамлакат иқтисодиётидаги бир қатор ислоҳотлар ва иқтисодиётнинг кўплаб секторларининг либераллашуви Рафсанжонийнинг президентлик даври билан боғлиқ. У мамлакат раҳбариятидаги "мўътадил амалиётчилар" қанотининг етакчиси ҳисобланиб, радикал консерваторларга қарши чиққан. 

Марҳум сиёсатчи Эроннинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган. 2003 йилда Forbes журнали собиқ президент оиласининг 1 миллиард долларлик мол-мулкни назорат қилиши ҳақида маълум қилган. 

2005 йилдаги президентлик сайловларида Рафсанжоний яна бир бор ўз номзодини қўйган, бироқ ультраконсерваторлар етакчиси, Теҳроннинг собиқ мэри Маҳмуд Аҳмадинажотнинг қўли баланд келди. 

Шунингдек Рафсанжоний Ғарб билан мулоқот тарафдори бўлган ва АҚШ билан Эрон ядровий муаммосига доир музокараларни қўллаб-қувватлаган. 

The New York Times Рафсанжонийнинг ўлимини мамлакатдаги "ислоҳотчилик ҳаракатларига берилган зарба" сифатида баҳоламоқда. 

Эрон сиёсатшуноси Ҳамидрез Тарақийнинг фикрича,  "марҳум Али Акбар Рафсанжонийнинг кўринмас қўли энди йўқ". "Бу Америка билан яқинлашиш тарафдорлари бўлган ислоҳотчиларнинг махфий учрашувлари поёнига етганини англатади. Бундан буён биз ўз позициямизда собит туришимиз ва қарор қабул қилишимиз анча осонлашади", - деб ҳисоблайди Теҳрон раҳбариятининг консерватив қанотига яқин сиёсатчи.   

Рафсанжоний амалдаги президент Ҳасан Руҳоний (яна бир мўътадил ислоҳотчи)ни ҳам қўллаб-қувватлаб келган. 

Руҳоний иккинчи марта президентлик сайловларига ўз номзодини қўйган. Энди Рафсанжонийнинг ўлими сайловлар натижасига таъсир кўрсатиши аниқ, бу Руҳонийнинг ғалабага бўлган умидини йўққа чиқариши мумкин. 

Gulf State Analytics'нинг етакчи эксперти Теодор Карасикнинг таъкидлашича, собиқ президентнинг ўлими президентлик сайловларига бир неча ой қолганда консерваторлар ва прагматиклар ўртасидаги курашни янада кучайтиради.  

Мавзуга оид