Жамият | 18:19 / 12.01.2017
9107
2 дақиқада ўқилади

Давлат туризм қўмитаси меҳмонхона бизнеси вакиллари учун мажлис ўтказди

10 январь куни "Ўзбекистон" меҳмонхонасининг анжуманлар залида давлат органлари вакиллари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг туризм соҳасидаги меҳмонхона хизматларини тақдим этувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сонли "Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини тезкорлик билан ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Шунингдек, Давлат туризм қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари аниқлаб олинди: туризмни тезкорлик билан ривожлантириш концепциясини шакллантириш ва амалга оширишни таъминлаш, туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш. 

Йиғилишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, ТИВ ўринбосари Д.Ҳакимов, Марказий банк департаменти раҳбар ўринбосари, республика вазирлик ва идоралар ходимлари, меҳмонхона хизматларини тақдим этувчи 150дан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва ОАВ қатнашди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан туризм соҳасини ривожлантириш концепциясининг тақдимот материаллари ва 2017-2021 йиллар учун аниқ чора-тадбирлар дастури тақдим этилди, шунингдек, туристик хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига меҳмонхона хўжалиги ҳисоботини соддалаштиришга қаратилган «Mehmonxona» замонавий ахборот тизими намойиш қилинди. 

Давлат туризм қўмитаси раиси А.Шаропов мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги тадбиркорлар учун ҳам ана шундай тадбирлар ташкиллаштириш тажрибасини давом эттиришни таклиф қилди. 

12-13 январь кунлари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида Давлат туризм қўмитаси вакиллари мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ, Ўзбекистон туризм саноатининг тезкорлик билан ривожланишига йўналтирилган тадбирлар ўтказишга келишиб олишди. 

Тадбирларда нафақат Бухоро ва Самарқанд, балки Жиззах ҳамда Навоий вилоятларининг туристик компаниялари ва меҳмонхона бизнеси вакиллари иштироки ҳам кўзда тутилмоқда. 

Мавзуга оид