Ўзбекистон | 19:08 / 12.01.2017
32543
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг учрашувига тайёргарлик кўрилмоқда

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Беларусь президенти Александр Лукашенко шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Sputnik хабар берган.

Хабарда айтилишича, айни вақтда ҳозирда Беларусь президентининг бўлажак ташрифи дастури ишлаб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Беларусь нашрларида хабар тарқалган, аммо Ўзбекистон томони ҳозирча бу борада келишув йўқлигини айтган.

Агентлик Беларуснинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилганида учрашувнинг куни ва ўтказилиши жойи ҳали аниқ эмаслиги ҳақида маълумот олган. 

"Ўзбекистон президенти Минскка бориши ҳам мумкин", — дейилган элчихона хабарида.    

Маълум бўлишича, Лукашенко 2016 йилнинг октябрида Ислом Каримов билан учрашув ўтказишни режалаштирганди. Аммо Ўзбекистон президентининг вафот этиши туфайли бошқа форматдаги учрашув бўлиб ўтди.

Лукашенко 2016 йилнинг октябрида Покистондан қайтишда Ўзбекистонга ташриф буюрган, бу ташриф давомида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирган ҳамда президент беваси Татьяна Каримовага ўз таъзиясини изҳор этганди.

Шунингдек, у ўша вақтда президент вазифасини бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашув ўтказганди.

Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти этиб сайлангач, Беларусь раҳбари табрик мактуби йўллади ва мактубда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича самарали фаолиятни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Маълум қилинишича, 2016 йил январь-сентябрь ойларида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 43,4 млн долларни ташкил этган, хусусан экспорт ҳажми 23,4 млн долларга, импорт ҳажми эса 20 млн долларга тенг бўлган.

Мавзуга оид