Ўзбекистон | 18:44 / 17.01.2017
4490
3 дақиқада ўқилади

«Оналари соғлом - болалари баркамол Ватан!» республика танлови ғолиблари тақдирланди

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, оилада соғлом тиббий маданиятни юксалтириш, миллат генофондини мустаҳкамлашга йўналтирилган эзгу ишларда касаба уюшмаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор. 

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда «Соғлом она ва бола йили»да республика касаба уюшмаларининг юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардаги иштироки, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлод онгига она-юртга муҳаббат туйғуларини чуқур сингдириш йўналишларидаги фаолиятини кенг ёритиш мақсадида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти 2016 йил бошида «Оналари соғлом - болалари баркамол Ватан!» республика танловини эълон қилган эди.

Икки йўналиш: профессионал журналистлар ҳамда касаба уюшма фаоллари ўртасида ташкил этилган мазкур танловга 100 дан ортиқ очерк, мақола ва лавҳалар тақдим этилди. 

Уларнинг аксарияти мамлакатимизда оналар ва болаларга кўрсатилаётган эътибор, қолаверса, касаба уюшмаларининг «Соғлом она ва бола йили»да амалга оширган кенг қамровли ишларини оммага етказиш ва тарғиб қилишда амалий ҳисса бўлиб қўшилди. 

Жорий йилнинг 13 январь куни мазкур танловда ғолиб бўлган профессионал журналистлар ва касаба уюшма фаолларини тантанали тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти ижодий жамоаси, касаба уюшма фаоллари, турли таҳририятларда меҳнат қилаётган журналистлар иштирок этдилар.

Тадбирда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да касаба уюшмалари ва «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари мухбирлари олдида турган устувор вазифалар хусусида алоҳида тўхталинди. Мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Тадбир якунида танловда 1-, 2-, ва 3-ўринларни қўлга киритган қаламкашлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. 

Мавзуга оид