Ўзбекистон | 12:59 / 20.01.2017
97015
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) бекор қилиниши кутилмоқда

Ўзбекистонда паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу айни пайтда муҳокама қилинаётган Президентнинг мамлакатни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича ҳаракатлар Стратегияси тўғрисидаги фармони лойиҳасида белгилаб қўйилган. Тахминларга кўра, тегишли органлар бу масала бўйича таклифларни жорий йилнинг учинчи чорагида тайёрлашади.

Лойиҳада ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, алоҳида асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқини суд томонидан чеклаш тартиби ҳам киритилади.

Ҳужжатда маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чегара назорати органларига йўловчилар хақида дастлабки маълумотларни тақдим этиш амалиётини, автоматлаштирилган паспорт назорати кабинасини, чегарани кесиб ўтаётганларни қидирувда бўлган шахслар фотобазаси билан солиштириш тизимини жорий этган ҳолда аэропорт ва темир йўл вокзалларида паспорт назорати тизимини соддалаштириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизимини амалиётга тадбиқ этиш ҳам кўзда тутилган.

Таъкидланишича, мазкур чораларни амалга ошириш хорижга чиқувчи фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, чегара назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар Стратегияси тўғрисидаги фармон лойиҳаси муҳокамасида барча истовчилар қатнашиши мумкин.

Мавзуга оид