Фан-техника | 12:55 / 21.01.2017
8072
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчисиз Chevrolet’нинг Сан-Франциско бўйлаб сайри видеога олинди

Ўтган йили General Motors компанияси томонидан сотиб олинган Cruise Automation компанияси ўзи бошқарилувчи Chevrolet Bolt автомобилининг Сан-Франциско бўйлаб сайри видеосини жойлаштирди. The Detroit News нашрининг маълум қилишича, автопилот тизими Chevrolet Bolt электрокарига ўрнатилган, машинада сайр чоғида GM президенти Дэн Амманн бўлган. 

Chevrolet Bolt 200 от кучига эга электрокар бўлиб, бир қувватланишда 320 км гача йўл боса олади. Бу модель АҚШда 2017 йилнинг энг яхши машинаси деб аталганди.

Роликда автопилотнинг турли йўл шароитларида ишлаши кўрсатилган: машина йўлнинг қатнов қисмига қўйилган автомобилларни четлаб ўтган, полосани алмаштирган, йўловчилар ва велосипедчиларни ўтказиб юборган ҳамда бекатдан чиқаётган автобусни қувиб ўтиш кераклиги-йўқлиги борасида қарор чиқарган. Компанияда бу сайр тўлиқ автоном режимда одам иштирокисиз ўтгани айтилди.

Айни вақтда бу машина Скоттсдейл, Аризона ва Мичиганда ҳам синовдан ўтказилмоқда. Аввалроқ GM компанияси автопилотга эга серияли машиналарни 2020 йилгача йўлларга олиб чиқишга ваъда берганди.

Мавзуга оид