Жамият | 18:31 / 24.01.2017
178953
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 3 ой илгари очилган савдо марказида даҳшатли фожиа рўй берди

Facebook ижтимоий тармоғида тўрт сонияли ролик жойлаштирилди. Унда савдо марказида бола кўтарган аёлнинг эскалаторда қоқилиб кетиб, боласини пастга тушириб юборгани акс этган. 

Тахминий маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодиса Андижоннинг “Ўзбегим” савдо марказида бир неча кун илгари рўй берган. Видеоролик эса кеча, 23 январь куни ижтимоий тармоққа жойлаштирилди. Бола тўрт қаватли бино баландлигидан ертўладаги кафель устига тушган. Унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

Видео Facebook фойдаланувчилари орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Баъзи бирлар фожиада боланинг онасини айблашган. Унинг узун кўйлак кийиб, этагига чалишгани, оқибатда мувозанатни йўқотиб, болани пастга тушириб юборганлигини сабаб қилиб кўрсатишди. Видеода аёл иккинчи қўли билан эскалатордан пастга юриб тушмоқчи бўлаётган иккинчи боласининг қўлини ушламоқчи бўлгани ҳам акс этган. Фойдаланувчилар бундай ҳолатда аёл эскалатордан эмас, замонавий савдо марказларида мавжуд бўлган лифтдан фойдаланиши зарур бўлганлигини таъкидлашди.

Бошқа бир фойдаланувчилар эса бахтсиз ҳодисага эскалаторнинг носозлигини, йўловчилар хавфсизлиги таъминланмаганлигини сабаб қилиб кўрсатишди. Улар бошига оғир мусибат тушган онани муҳокама қилмасликка чақирганлар. 

Kun.uz ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Андижондаги “Ўзбегим” савдо маркази маъмурияти билан боғланди. У ерда ўзини таништиришни истамаган суҳбатдош бу маълумотни на тасдиқлаши ва на инкор эта олишини маълум қилди.

Умид қиламизки, бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида савдо марказлари ходимлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга, эскалатор ҳаракатини назоратга олишга янада жиддийроқ муносабатда бўлишади. 

Мавзуга оид