Жаҳон | 16:50 / 27.01.2017
13028
2 дақиқада ўқилади

АҚШ генерали: Россия сунъий йўлдошларга қарши қурол ишлаб чиқармоқда

АҚШ Қуролли кучлари стратегик қўмондонлиги раҳбари генерал Жон Ҳайтеннинг баёнот беришича, россиялик мутахассислар сунъий йўлдошларга қарши, шу жумладан, лазер қурол ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизмати баёнот бермоқда. 

«Россия сунъий йўлдошларга қарши сезиларли ҳарбий имкониятлар, хусусан, космосда бизнинг сунъий йўлдошларга таҳдид солиши мумкин бўлган лазерлар ва бошқа ҳарбий имкониятларни ўрганмоқда», — деган генерал.

Унинг сўзларига кўра, Стратегик қўмондонлик космосда бундай ҳаракатларнинг олдини олиши ва фазо кенгликларида тўқнашувларга йўл қўймаслиги керак. 

«Улар (Россия ва Хитой) яқин келажакда космосда бизга тегишли бўлган ҳар қандай фазовий қурилмага таҳдид солиш борасида ўз имкониятларини қўллай олади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак ва урушнинг олдини олишнинг энг яхши йўли унга шай туришдир. АҚШ шундай қилади. Бизнинг урушга шайлигимизни барча билиб қўйишини таъминлаймиз», — деб қайд этган Ҳайтен.

2016 йил июль ойида Россия Стратегик аҳамиятдаги ракета қўшинлари ҳарбий академияси бўлими ўқитувчиси подполковник Алексей Солодовников, мамлакатда  космосдан ядро зарбаси бера оладиган гипертовушли стратегик бомбардимончи самолёт ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилган эди. Кейинроқ, мудофаа вазирлиги бу хабарни рад этганди.

Мавзуга оид