Жаҳон | 14:50 / 30.01.2017
7419
2 дақиқада ўқилади

Масжиддаги теракт: Квебекдаги отишма тафсилотлари

30 январга ўтар кечаси Канаданинг Квебек шаҳридаги ислом маданий маркази масжидига уюштирилган ҳужум натижасида камида олти киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди. 

Ҳодиса жойида ҳуқуқ-тартибот идораларининг қуролли отряди ишламоқда.

Huffington Post Quebec маълумотларига кўра, полиция икки нафар гумонланувчини қўлга олди. Айни вақтда бу шахслар сўроқ қилинмоқда.

Reuters маълумотига кўра эса, ҳужум қилувчилар сони 3 киши эди.

Маҳаллий нашрлар маълумотларига кўра, ниқоб таққан номаълум шахслар кечки намоз вақтида масжидни ўққа тутган. Улар ҳужумдан олдин диний ҳайқириқларни айтишган. Бу вақтда бино ичида 40 нафарга яқин киши бўлган.

Квебек провинцияси бош вазири Филипп Куяр ҳужумни теракт деб атади. Квебекда шу куни давлат байроқлари тушириб қўйиладиган бўлди.

Канада бош вазири Жастин Трюдо бу ҳодисани «бемаъни зўравонлик акти» ва «мусулмонларга нисбатан террорчилик ҳужуми» деб таърифлади.

«Бугун канадаликлар Квебекдаги масжидда содир бўлган қўрқоқларга хос ҳужум натижасида ҳалок бўлганларга мотам тутмоқда. Менинг бор фикрим ҳозир ҳужум қурбонлари ва уларнинг оилалари билан банд», — дея қайд этди Трюдо.

 

Мавзуга оид