Ўзбекистон | 00:10 / 07.02.2017
38901
13 дақиқада ўқилади

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга ҳомий керак, чунки...

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва Республика шахмат федерацияси раҳбарлари диққатига!

“Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида: “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур”, деб айтган эди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга 2017 йил учун энг кам иш ҳақининг 1 баробари миқдорида ойлик стипендия белгилади. 2016 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида федерация мутасаддилари бу ҳақда эълон қилишди. Республика шахмат федерациясининг ушбу қарорини қутлаш керак, негаки бу иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш борасида навбатдаги қадам қўйилганидан, яъни уларни худди хорижда бўлгани сингари моддий рағбатлантириш амалиёти бошланганидан дарак беради. Аммо стипендия миқдори кам эмасмикан?..

Ушбу саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиш бошқа спорт турларига қараганда жуда қийин. Шунинг учун ҳам Италия, Япония, Жанубий Корея, Туркия сингари бир қатор ривожланган давлатлардан ҳали бирон ёш тоифасида бўлсин, жаҳон чемпиони етишиб чиқмаган. Катталар ўртасида-ку жаҳон шахмат тожини кийиш 130 йил мобайнида бор-йўғи 20 нафар шахматчига насиб этган, холос! Шукрки, болалар ва ўсмирлар ўртасида бизда Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Абдусатторов, катталар ўртасида эса Рустам Қосимжоновдек жаҳон чемпионлари бор! Биз бундан ғурурланишимиз, қадрлашимиз ва, айниқса, ёш чемпионларимиз шахматчи сифатида янада ўсиши, маҳоратини ошириши учун барча шароитларни яратиб беришимиз лозим.

Бугун жаҳон спортида катта-катта маблағ айланаётгани ҳаммага маълум. Спорт мамлакат нуфузини ошириш, шаънини улуғлаш, миллат ор-номусини, ғурурини ҳимоя қилишдан ташқари, йирик бизнес воситасига ҳам айланган. Миллионер теннисчи, боксчи, футболчи, гольфчи ва хоккейчилар ҳақида ҳаммамиз биламиз. Аммо шахматда вазият бироз бошқачароқ. Шахмат бизнес нуқтаи назаридан бошқа кўплаб спорт турларидан кўра жозибасизроқ. Шахмат орқасидан кўп-кўп пул топиш учун камида 2600 рейтинг балига эга ёки содда қилиб айтганда, ниҳоятда кучли шахматчи бўлиш лозим. Мана, Рустам Қосимжонов Германиянинг “OSG Баден-Баден” клубида бундеслигада иштирок этади ва табиийки, яхшигина ҳақ олади. Қолаверса, Европада шахмат инфратузилмаси ривожланган бўлиб, тижорат турнирлари, мўмайгина соврин жамғармасига эга турнирлар кўплаб ўтказилади. Клублар ўртасида мамлакат ва қитъа чемпионатлари йўлга қўйилган. Етук гроссмейстерлар бақувват фирма ва компаниялар билан ҳомийлик шартномалари тузган бўлиб, бу уларга қўшимча даромад олиб келади.

Бизда эса ҳали бундай даражага эришилгани йўқ. Ҳозирча фақат Георгий Аъзамов хотира турнири соврин жамғармасига эга бўлиб, уям бошқа халқаро турнирларга қараганда ҳали анча камтарона — 20 минг АҚШ доллари. Мураббийларга тўланадиган ҳақ ҳам мақтагулик даражада эмас. Шунинг учун ҳам халқаро гроссмейстер Антон Филиппов Олмаотада мураббийлик қилмоқда. Яна бир гроссмейстер ва ажойиб болалар мураббийи Дмитрий Қаюмов бир нечта хорижий давлатларда ишлаб келди. Гроссмейстер Сергей Қаюмов ҳам чет элда ёш шахматчиларга сабоқ бермоқда.

Ўзбекистонлик шахматчилардан фақатгина Рустам Қосимжонов (рейтинги —2699) дунё миқёсида энг кучли 100 шахматчи сафида, ҳозир у 45-ўринда турибди. Бошқа шахматчиларимиз эса ҳали кучли юзликдан ўрин ололгани йўқ. Лекин Жаҳонгир Воҳидов (2561; 1995 йили туғилган), Темур Қўйбоқаров (2480; 2000), Нодирбек Абдусатторов (2429; 2004), Нодирбек Ёқуббоев (2427; 2002), Жавоҳир Синдоров (2374; 2005), Шамсиддин Воҳидов (2355; 2002) каби ёш истиқболли шахматчиларимиз яқин келажакда бундай натижага эришишига умид бор. Бироқ бу умидлар оқланиши учун уларга кенг имконият яратиб бериш зарур. Хусусан, уларнинг кўпроқ халқаро нуфузли турнирларда иштирокини таъминлаш лозим. Шунда уларнинг ўз рейтингини ошириш имконияти кенгаяди.

Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров айни пайтда тенгдошлари орасида дунёда рейтинг бўйича 1-рақамли шахматчилар ҳисобланади. Энди улар янада ўсиши учун катталар ўртасидаги мусобақаларда кўпроқ иштирок этишлари лозим. Болалар ўртасидаги турнирлар маҳорати ошиши, истеъдоди чархланиши, рейтингини кўтаришга хизмат қилмайди (қитъа ва жаҳон чемпионатлари, ўсмирлар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бундан мустасно).

Яна бир муаммо: иқтидорли шахматчиларимиз — 13 ёшида 14 ёшгача болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Шамсиддин Воҳидов, 14 ёшида Ўзбекистон тарихида илк бор катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган Нодирбек Ёқуббоев, 12 ёшида халқаро гроссмейстер талабини бажарган Нодирбек Абдусатторов, ҳали 11 ёшда бўлса-да, мусобақаларда гроссмейстерлар билан теппа-тенг курашаётган Жавоҳир Синдоровга муносиб, кучли мураббийлар топиш масаласидир. Очиқ айтиш керак: ҳозир мамлакатимизда уларнинг янада ўсишига ёрдам бера оладиган мураббий йўқ.

Шахматчини мусобақа тоблайди. Бунинг исботини жаҳоннинг бугунги кундаги энг зўр гроссмейстерларининг ёшлигидаги ва бизнинг истеъдодли ёш шахматчиларимиз фаолиятини таққослаш орқали кўриб чиқамиз.

Давримизнинг энг зўр шахматчиси Магнус Карлсен 12 ёшида FIDE мастери (FM) бўлган. 13 ёшни тўлдиргач, яна 4 ою 27 кун ўтиб халқаро гроссмейстер даражасига эришган. Бу пайтда, яъни 12-13 ёшларида Карлсен бир йилда деярли ҳар ойда биттадан нуфузли халқаро турнирда иштирок этган. Янаям аниқ айтадиган бўлсак, Магнус 2003 йили 9 та, 2004 йили эса 11 та шундай турнирда ўйнаб, ҳам халқаро мастер (IM) ва халқаро гроссмейстер (GM) талабларини бажарган, ҳам ўз рейтинг балларини анча кўтариб олган.

Энг ёш гроссмейстер сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган Сергей Карякин ҳам 10 – 12 ёшларида ҳар йили камида 10 та халқаро мусобақада иштирок этган ва, табиийки, турнирларда эришган муваффақиятлари унинг 13 ёшга тўлмасдан халқаро гроссмейстер унвонига эришишига олиб келди.

Энди ўзбекистонлик ёш иқтидорли шахматчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини мамлакатимиз (Нодирбек 2014 йил май ойида Георгий Аъзамов хотира турнирида 2 нафар халқаро гроссмейстерни мағлуб этганидан сўнг ўн еттинчи жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов шундай деган эди: “Нодирбек 9 ёшида менинг 9 ёшимдагидан кўра анча яхши ўйнаяпти”) ва хорижлик экспертлар томонидан энг истиқболи порлоқ шахматчи сифатида қаралаётган Нодирбек Абдусатторов (“Nodirbek Abdusattorov, el genio uzbeko de 11 años que amenaza el reinado de Magnus Carlsen”— “Нодирбек Абдусатторов, Магнус Карлсен ҳукмронлигини таҳликага солган 11 ёшли ўзбек даҳоси”— lavanguardia.com; “Course au record” — “Рекорд сари йўл” — echiquier-bordelais.fr, “Nodirbek Abdusattorov: The next Kasparov?”—“Нодирбек Абдусатторов: навбатдаги Каспаровми?— chess.com ва ҳоказо) мисолида кўриб чиқамиз.

Нодирбек 2015 йили 5 та, 2016 йили ҳам 5 та халқаро мусобақада иштирок этган:

2015 йил:

Февраль: Tashkent Round Robin халқаро турнири — 1-ўрин.

Март: Георгий Аъзамов хотира турнири — 17-ўрин.

Июнь: Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё (3.4- зонаси) биринчилиги.

Октябрь: 12 ёшгача болалар ўртасида жаҳон чемпионати (Греция) — 4-ўрин.

Декабрь: Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб “Қатар мастерс” халқаро турнири.

2016 йил:

Январь: “Москва опен” халқаро турнири (Россия).

Апрель: Георгий Аъзамов хотира турнири.

Сентябрь: Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнир — 10-ўрин.

Октябрь: Михаил Чигорин халқаро хотира турнири (Санкт-Петербург,  Россия) — 372 иштирокчи орасида 6-ўринни эгаллаб, халқаро гроссмейстер нормасини бажарди.

Декабрь: Мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионати (Сочи, Россия) — 13 ёшгача болалар ўртасида 2 та олтин медаль.

Демак, Нодирбек Абдусатторов охирги икки йилда 10 та халқаро мусобақада иштирок этган. Шулардан 2 таси болалар ўртасидаги мусобақа, улардаги иштироки харажатлари давлат ҳисобидан қопланган. 10 та турнирдан 3 таси Ўзбекистонда ўтказилган, қолганлари хорижий давлатларда. Демак, 2 йил давомида Тожикистон, Россия, Малайзия ва Қатарда бўлиб ўтган 5 та халқаро турнирга у ўз ҳисобидан бориб келган. Биргина Қатар сафари онаси ҳам борганлиги учун ёш чемпионлар оиласига 3500 долларга тушган...

Нодирбек Абдусатторовдек салоҳиятли шахматчи учун икки йилда бор-йўғи 10 та халқаро мусобақада иштирок этиш кам, жудаям кам. Аммо бундан ортиғини оила бюджети кўтармайди. Оила бекаси Марзия Очилованинг айтишича, мана бир неча йилдан буён халқаро мусобақаларга фарзандлари Баҳора (бир неча карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, 2013 йили Осиёнинг энг яхши ёш шахматчиси бўлган) ва Нодирбекни олиб боришга ҳомийлик қилиш масаласида бир нечта ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин мутасаддилар, жумладан, Республика шахмат федерацияси ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси низомида болаларни катталар ўртасидаги мусобақаларга юбориш назарда тутилмаганини айтиб, ёрдам беришни рад этишган...

Бундан шундай хулосага келиш мумкин: мутасаддилар Нодирбек Абдусатторовни ёш бола, деб ўйлашаяпти!

У шахматчи сифатида энди ёш бола эмаслигини эса гроссмейстерларни мағлуб эта бошлаган 9 ёшидан буён исботлаб келмоқда.

Яна бир муаммо. Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги тайинланган Соғлиқни сақлаш вазирига хорижга чиқиб кетган малакали тиббиёт ходимларини Ўзбекистонга қайтариш вазифасини юклади. Бу муаммо спортда, жумладан, шахматда ҳам мавжуд. Мана, хорижий давлатларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир жаҳоннинг энг етакчи шахматчиларидан — италиялик Фабиано Каруана, филиппинлик Уэсли Со, япониялик Хикару Накамура 1-2 йилдан буён АҚШга кўчиб ўтиб, халқаро мусобақаларда ўша мамлакат шарафини ҳимоя қилмоқда. Узоққа бормайлик, 1998 йили 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган самарқандлик халқаро гроссмейстер Иброҳим Ҳамроқулов анчадан буён Испания, тошкентлик Темур Гареев эса АҚШ байроғи остида дона сурмоқда. Булар-ку катталар ўртасида, ҳозир ривожланган давлатлар скаут ва селекционерлари дунё бўйича изғиб, ёш иқтидорларни “овлаш” билан бандлиги ҳеч кимга сир эмас.

Мана, масалан, қозоғистонлик 2004 йилда туғилган истеъдодли шахматчи Бибисора Ассаубоева ўтган йилнинг 1 сентябридан бери Россия шарафини ҳимоя қилмоқда. Қозоғистонда етарлича эътибор ва қўллаб-қувватлашга эришолмаган бу шахматчи қиз Россияга кўчиб ўтганидан сўнг икки ой ўтар-ўтмас 12 ёшгача қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Россия шахмат федерацияси ғазнасига олтин медал тақдим этди...

Нодирбекни ўшанақа скаутлардан асраш учун ҳам уни моддий томондан қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Энди мақола бошидаги стипендия масаласига қайтсак.

Тўғри, Республика шахмат федерацияси ўз имкониятидан келиб чиқиб белгилагандир стипендия миқдорини. Лекин Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг бундан 10-20 баравар кўпроқ стипендия тайинлашга қурби етади-ку!

Масалани биргина Нодирбек Абдусатторов мисолида кўриб чиқдик.

Мамлакатимизда бундай иқтидорли ёшлар, хусусан шахматчилар кўп. “Истеъдодлар — миллатимиз бойлиги, Ватанимиз фахри, ғурури” деган гапларни кўп айтамиз, мақолалар ёзамиз. Улар халқаро доирада ютуққа эришадиган бўлса, телекўрсатув, радиоэшиттиришларда бонг урамиз. Аммо уларнинг ва ота-оналарининг саҳна пардаси ортидаги меҳнатини, чекаётган машаққатларини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Уларга ёрдам беришга қурби етадиганлар эса турли бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишга куч, балки хоҳиш тополмайдилар.

Айтилганлардан келиб чиқиб, мутасадди раҳбарларга шундай таклифларимиз бор:

1. Жаҳон чемпионларига давлат миқёсида стипендия тайинлаш.

2. Жаҳон, қитъа ва мамлакат чемпионини тарбиялаган мураббийларни муносиб моддий рағбатлантиришни йўлга қўйиш.

3. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси низомига истеъдодли ёш спортчиларнинг катталар ўртасидаги мусобақаларда иштироки учун маблағ ажратишни назарда тутувчи банд киритиш (бу, асосан, шахматга тааллуқли).

4. Ўзбекистонда шахматни янада ривожлантиришга доир давлат дастурини қабул қилиш.

Агар энг охирги таклиф амалга оширилса, ўз-ўзидан ундан олдинги таклифлар ҳам амалга ошар, шунингдек, соҳага оид бошқа муаммолар ҳам ечимини топар эди.

Ҳусан КАРВОНЛИ

Мавзуга оид