Жамият | 07:34 / 09.02.2017
86596
2 дақиқада ўқилади

Сухандон Насиба Мақсудова 68 ёшида оламдан ўтди

Ўзбекистон кенг жамоатчилиги яна бир жудоликка учради. Миллионларнинг севимли сухандони, сермаҳсул журналист, бағри кенг устоз Насиба Мақсудова кучли юрак хуружи оқибатида 8 февраль куни вафот этдилар. 

Телевидениега илк қадам қўйганига 55 йил, сухандон лавозимига ишга қабул қилинганига 50 йил тўлган, бир неча муаллифлик кўрсатувлари тайёрлаб, ўзининг кўпмиллионли томошабинларига эга бўлган Насиба Мақсудова "Шуҳрат" медали, "Олтин қалам" миллий мукофоти соҳибаси эдилар. Уларни Республикамизнинг ҳар бир гўшасида севувчи юртдошларимиз бор эди... Сўнгги йилларда «MY5» телеканалидаги «Дийдор ширин» кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси сифатида самарали меҳнат қилиб келаётган эди. 

Насиба Мақсудова 1948 йилда таваллуд топган. У бир неча ўн йиллар мобайнида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият олиб борган. 

Кун.Уз таҳририяти марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлигини изҳор қилади ва сабр тилайди. Аллоҳ яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин! 

Мавзуга оид