Жаҳон | 14:16 / 12.02.2017
57625
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Махфий хизмати ҳақида кўпчиликка номаълум 5 факт

АҚШ президентини кўрганингизда унинг ёнида Махфий хизмат ходимларини ҳам кўрасиз. Улар ўзларининг энг сезиларли бурчларидан бири - олий бош қўмондонни ҳимоя қилиш вазифасини бажараётган бўлишади. Шунингдек, вице-президент ва унинг оиласи, собиқ президентлар ва АҚШга ташриф буюрган хорижий давлатлар раҳбарларини ҳам қўриқловчи бу агентликнинг яна кўплаб бошқа вазифалари бор.  share.america.gov сайтида шу ҳақида маълумот берилди.

Махфий хизматлар Қўшма Штатлар молиявий тизимига қарши жиноятлар, шунингдек, кибержиноятларни ҳам ўрганади. Унинг таркибида махсус агентлар, оператив ишчилар, ёрдамчи персонал каби 6,5 мингга яқин ходим фаолият юритади. АҚШ махфий хизматлари ҳар бир штатда ва хорижда ўз бўлимларига эга.

Қуйида баъзи қизиқ фактларни тақдим этамиз:

Махфий хизматлар 1865 йилда Молия вазирлигининг бир бўлими сифатида иш юрита бошлаган. Ўша пайтлар Фуқаролик урушидан кейин молия соҳасида тартибсизлик кўпайиб кетган ва бу мамлакат иқтисодиётига вайронакор таъсир кўрсатаётганди.

"Президент Линкольн ўз ўлимидан бироз олдин Махфий хизматларни яратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолаган, - дея сўзлайди Махфий хизматларнинг собиқ директор ёрдамчиси, ҳозирда эса Command Consulting Group консалтинг фирмаси ходими Микки Нельсон. - У пайтлар ташкилотнинг президент муҳофазасига умуман алоқаси йўқ эди".

Пулларни сохталаштириш билан курашиш аввалгидек Махсус хизматларнинг муҳим функцияси ҳисобланади

Агентлик Америка пул бирлигининг мамлакат ичида ва ундан ташқарида сохталаштирилиши билан курашишда давом этмоқда. 2016 йилнинг ноябрида Махфий хизматлар Перу ҳудудидаги 30 миллион долларлик купюраларни мусодара қилди. Бу ташкилот тарихидаги энг йирик қўлга олинган купюралар бўлди.

1901 йилдан буён 24 соат давомида президентни қўриқлаш хизмати йўлга қўйилган

XIX аср охирида Махфий хизматлар норасмий равишда президент Гровер Кливленд муҳофазасини амалга оширган. 1901 йилдаги президент Уильям Мак-Кинлининг ўлимидан кейин (36 йил ичида суиқасд уюштирилган учинчи президент) Конгресс Махфий хизматларга президентни 24 соат давомида қўриқлаш вазифасини топширди. Оқ уйда ишлаган биринчи гуруҳда бор-йўғи икки киши хизмат қилган.

Президентни қўриқлаш бўйича ишларнинг катта қисми олдиндан амалга оширилади

Вашингтон ташқарисидаги президент иштирокидаги ҳар қандай тадбирга 1-2 ҳафта қолганда белгиланган жойга Махфий хизматларнинг етакчи гуруҳлари етиб келади. Улар автокортежлар учун асосий, захира ва фавқулодда йўналишларни ўрганишади, шифохоналарни кўздан кечиришади ва президент ташриф буюрадиган ҳар бир объектда хавфсизликни таъминлаш режасини тузишади.

"Олдиндан режалаштириш Махфий хизматлар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга, - дея таъкидлади Нельсон. - Одамлар президентнинг атрофидаги агентларни кўришади, бироқ унинг келгунига қадар амалга ошириладиган машаққатли меҳнатни кўришмайди. Масалан, 2017 йилдаги инаугурацияни кенг кўламда режалаштириш ишлари 18 ой аввал бошланган".

Қандай сирлар ҳақида гап кетмоқда?

Агентлик номининг келиб чиқиши унинг дастлабки сохта пул яратувчиларига қарши курашига бориб тақалади. "Ўша пайтлар гуруҳ махфий равишда фаолият юритган, шу боис ташкилот  "Махфий хизматлар" номини олган".

 

Мавзуга оид