Иқтисодиёт | 22:53 / 13.02.2017
28231
4 дақиқада ўқилади

Унутилишга нолойиқ 5 мамлакат валютаси

Аксарият одамлар валюта бозорлари - таваккал савдо ва қисқа муддатли спекуляциялар маскани эканига кўникди. Бозор Трамп даврида доллар кульбитлари, Brexit референдумидан кейин Британия фунтининг таназзули ва нефть нархлари кетидан Россия рублининг "парвози"ни кузатишга ўрганиб қолди.

Шунга қарамай, баъзи эмитент-мамлакатлар иқтисодиётининг кучли фундаментал кўрсаткичлари туфайли ишончли, узоқ муддатли инвестиция бўлиши мумкин бўлган валюталар кўп инвесторларнинг диққат марказидан ташқарида. InsiderPro унутилишга нолойиқ 5 мамлакат валютаси ҳақида маълумот улашди.

 

Жанубий Корея вонаси

Жанубий Корея аллақачон минтақанинг саноат маркази репутациясига эга. Samsung, Hyundai ва Posco каби Корея фирмалари маҳсулотлари сифатли. Жанубий Кореянинг молиявий тизими ҳам кучли: қарзнинг ЯИМга нисбати 39 фоизни ташкил қилади, мамлакат ЯИМ йилига 3 фоизга ошмоқда, жорий операциялар ҳисоби профицити (даромадларнинг харажатлардан ошиши) 7,7 фоизни ташкил қилади.

 

Малайзия ринггити

Малайзия 1957 йилда мустақилликни қўлга киритганидан сўнг дефолтни ҳам, 20 фоиздан юқори йиллик инфляцияни ҳам бошидан кечирмаган ягона ривожланган мамлакат ҳисобланади. Малайзия марказий банки инфляцияни паст даражада ушлаб туришда ажойиб тажрибага эга, хом нефть, пальма ёғи, минераллар ва бошқа табиий ресурслар экспорти эса мамлакатга валюта захирасининг мустаҳкам даражасини сақлаб қолиш имконини беради.

Норвегия кронаси

Норвегия Европадаги энг барқарор валютага эга. Нефть экспорти, ҳаётнинг юқори даражаси, жорий операциялар ҳисоби бўйича сальдо (9 фоиз), қарзнинг ЯИМга нисбати (атиги 39 фоиз) туфайли Норвегия иқтисодиёти ўз валютаси кучини сақлаб қолиш ва минтақанинг қолган қисмидаги тузилмавий муаммолардан хавотир олмаса ҳам бўлади. Модомики Норвегия Европа Иттифоқи таркибига кирмас экан, евроҳудудда вазият ёмонлашган тақдирда крона инвесторлар учун "бошпана" бўлиши мумкин.

Сингапур доллари

Швейцария банклари бошқа мамлакатларнинг молиявий ҳукуматлари учун шаффофлашганидан буён Сингапур ўз активларини яшириш ва қулай солиқ режимидан манфаатдор бўлган шахслар учун янги дунё марказига айланди. Даромадлар тенгсизлиги, ставкаларнинг ошиши ва  солиқ тизимининг қатъийлашуви ўсгани сайин, Сингапурга хорижий сармоя оқими тезлашади ва бу маҳаллий валютани ўсишга мажбур қилади. Сингапурдаги жорий операциялар ҳисобининг ЯИМга нисбатан ижобий сальдоси 19,6 фоизни ташкил қилади. Мамлакат Осиё иқтисодиёти ривожи ва минтақавий туризмнинг ўсишидан катта фойда кўрди. Сингапур доллари АҚШ долларига нисбатан бошқа аксарият валюталардан барқарорроқ мустаҳкамланмоқда.

Янги Зеландия доллари

Янги Зеландия доллари юқорида қайд этилган барча валюталар орасида энг хавфсиз капитал сақлаш воситаси ҳисобланади. Янги Зеландиянинг захира банки ривожланган мамлакатлар (АҚШдан ташқари) марказий банклари орасида яқин келажакда фоиз ставкасини оширишни режалаштираётган ягона молиявий муассасадир. Мамлакат ставкаларни пасайтириш ва иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш мақсадида солиқ қонунчилиги ислоҳотини ўтказди. Бундан ташқари, Янги Зеландияда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт даражаси барқарордир. 

Мавзуга оид