Жаҳон | 13:24 / 18.02.2017
23624
2 дақиқада ўқилади

Европадан фоторепортаж: Беларусда "майдон"

Беларусь республикасининг минглаб фуқаролари дангасалик, текинтомоқликка солиқ солиш тўғрисидаги қарорга норозиликларини изҳор қилиш мақсадида Минск кўчаларига чиқишди. 

17 февраль куни Минскда «Жаҳли чиққан белоруслар юриши» номи билан норозилик акцияси ўтказилди. Ташкилотчиларнинг тахминларига кўра, шу куни кечқурун Октябрь майдонида 3 мингдан 5 минг нафаргача киши тўпланган. Улар дастлаб митинг ўтказган, кейинчалик кўча бўйлаб маршда қатнашганлар. 

Намойишчилар «Жыве Беларусь!», «Лу, уходи!» каби сўзларни айтишган ҳамда Ляпис Трубецкойнинг қўшиғини куйлашган. Маршнинг айрим иштирокчилари машъалалар (фашистлар ва неонацистлар тимсолларидан бири) кўтариб олишганига қарамай, полиция ҳеч кимни ҳибсга олмаган. 

Намойишчилар ҳукуматга талабнома учун овоз беришган. Унда боқимандалик тўғрисидаги декрет бекор қилиниши, аҳоли реал даромадларини пасайишига барҳам бериш, нафақа ёшини кўтармаслик, эркин ва адолатли сайловларни қайтариш талаб қилинган. Мазкур резолюция солиқ вазирлигига юборилади. 

Белорусларнинг норозилигига сабаб бўлган қонунга кўра, ногиронлар, вояга етмаганлар ва нафақахўрлардан ташқари барча ишсизлар давлат харажатларини молиялаштириш учун 250 АҚШ долларига яқин солиқ тўлаши талаб этилади. Ҳукуматнинг фикрича, бу ижтимоий боқимандаликка қарши курашда ёрдам беради. 

Солиқ вазирлигига биноан, шу пайтгача 470 минг нафар ишсиздан 46 мингга яқини солиқни тўлаган. Сўнгги муддат 20 февралгача этиб белгиланган. 

Декрет 2015 йил апрелида кучга кирган эди. Унга мувофиқ, бир йилда камида 183 кун ишлаган ва қолган вақтда меҳнат биржасида рўйхатда турмаганларга тегишлидир. 

Шу каби қонун собиқ СССРда ҳам 1961-1991 йилларда амал қилган. 

Мавзуга оид