«Венесуэлалик чанғичи» ҳаммани кулдирди (видео)
Финляндиянинг Лахти шаҳрида ўтаётган чанғи спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатида томошабинлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини венесуэлалик чанғичи Адриан Солано роса кулдирди. Соланога "дунёдаги энг ёмон чанғичи" деб ном беришга ҳам улгуришди.
YouTube’да Солано мусобақаларда чанғида гўёки бирор марта ҳам турмагандек ҳаракатлангани видеоси пайдо бўлди. У мусобақа давомида мувозанатини ушлай олмаган ва мунтазам йиқилиб тушаверган ва оқибатда ўтилиши керак бўлган масофанинг ярмидан чиқиб кетган.
Eurosport канали бесўнақай Соланони машҳур Чарли Чаплинга қиёслаган.
"2017 йилнинг энг яхши видеоси учун расмий номзод", деб ҳазил қилган Giulia Cicchine тахаллусли фойдаланувчи твиттерда.
"Умид қиламанки, сиз чанғида учганингизда бу йигитчалик ёмон учмасангиз керак", деб ёзган яна бир фойдаланувчи.
"Би-би-си" телеканалининг маълум қилишича, Солано бу пойгагача ҳақиқатан ҳам бирор марта чанғи киймаган ва қорда учмаган. У фақатгина махсус роликларда машқ қилган.
Унинг айтишича, у бир ой Скандинавияда машқ қилиши керак бўлган, бироқ полиция билан муаммо сабабли белгиланган жойга ўз вақтида етиб бора олмаган.
"Мен Парижга 19 январда келганимда Швецияга машғулотларга кетаётганимни айтганман. Бироқ у ерда мен венесуэлалик чанғичи эканлигимга ҳеч ким ишонмаган", деб эсламоқда бўлган воқеаларни чанғичи.