Жамият | 16:20 / 25.02.2017
30203
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Стоп хам» ҳаракатининг гибриди пайдо бўлди

“Водители Ташкента” ижтимоий гуруҳи пойтахт кўчаларидаги энг жиддий муаммолардан бирига қарши курашишга бел боғлаган кўринади. У ҳам бўлса автомобилни рухсат берилмаган жойда ёки автотураргоҳда нотўғри тўхтатишдир. 

Гап шундаки, Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳида Тошкент учун (аслида, Ўзбекистон учун ҳам) янгилик бўлган ҳолат қизғин баҳс-муноазараларга сабаб бўлди. Ташаббускор кишилар гуруҳи автомобиль тўхташ жойига нотўғри қолдириб кетилган Cobalt маркали автомобилнинг олд ойнасига машина ҳайдовчисини тартибга чақирувчи стикерни ёпиштиришган. Стикерда «Голову включать мне лень, я паркуюсь, как олень» ёзувларини ўқиш мумкин. 

Гуруҳга аъзо бўлганларнинг аксарияти ушбу ташаббусни маъқуллаган бўлса-да, Cobalt эгасининг шаънини ҳимоя қилганлар ҳам йўқ эмас эди. Уларнинг фикрича, ҳукм чиқаришни бир гуруҳ кишилар қўлига топшириш мумкин эмас. Балки, бунинг учун масъул бўлган идоралар бор.

Қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларининг аксариятида қонунга мувофиқ равишда автомобилларни қолдириб бўлмайди. Чунки, бунга мослаштирилмаган. Вазиятни кўп сонли тўхташни тақиқловчи белгилар ҳам чигаллаштиради. 

Айрим экспертлар йўл белгиларини ўрнатишни қайта кўриб чиқиш ва кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш кераклигини айтишади. Шу билан бирга, танганинг орқа томони ҳам бор. Нафақат ҳайдовчилар ўртасида, балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари орасида ҳам ўзаро ҳурмат тушунчаси мавжуд эмас. Ҳайдовчилар истаган жойда машиналарини қолдиришади, пиёдалар истаган жойдан йўлни кесиб ўтишади. 

Шаҳар йўл ҳаракатига доғ бўлиб тушаётган ҳатти-ҳаракатларга давлат томонидан солинаётган жарималар ҳам аҳволни ўнглаётгани йўқ. Ҳатто, шундай ҳоллар ҳам бўладики, қоидабузарнинг ўзи, қоидани бузиб турганини англагани ҳолда, қўпол бўлса ҳам “безбетлик” қилиб ўз “ҳақ”лигини даъво қилишади. Наҳотки, бошқаларга нисбатан озгина кўпроқ пул топиш, уларни менсимасликка асос бўла олса?! Улардаги инсоний ҳисси, шуури қаерга йўқолди? 

Нима ҳам дердик, кўчалардаги турли хил асаббузарликлар, салбий ҳолатлар тезда барҳам топишига, ўзбекистонликлар қаерда бўлишмасин, ўзаро бир-бирига ҳурмат билан ёндашишларига умид қилиб қоламиз. 

Мавзуга оид