Жаҳон | 11:51 / 26.02.2017
7041
2 дақиқада ўқилади

АҚШлик ҳиндлар ҳамюртлари ўлимида Трампнинг сиёсатини айблашди 

АҚШнинг ҳинд жамоати вакиллари Канзас штатида ҳиндларга ҳужум қилиниши АҚШ президенти Дональд Трампнинг муҳожирларга нисбатан позициясининг натижаси бўлди, деб ҳисобламоқдалар. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган. 

АҚШда яшовчи жанубий осиёлик муҳожирлар жамоатчилик ташкилоти South Asian Americans Leading Together’нинг раҳбари Суман Рагхунатханнинг журналистларга айтишича, унда жанубий осиёликларга нисбатан зўравонлик қилинган юзлаб ҳодисалар ҳақида маълумотлар бор.

Ҳинд 23 февралда Олейте шаҳридаги барда АҚШ қуролли кучларининг фахрийси, 51 ёшли Адам Пуринтон томонидан отиб ўлдирилган. Пуринтон "Давлатимдан йўқолларинг!" деб бақирганча барда ўтирган ҳиндларга ўт очган. Ҳужум оқибатида ҳайдарободлик 32 ёшли Шринивас Кучибхотла воқеа жойида ҳалок бўлган, яна икки ҳинд ва маҳаллий фуқаро жароҳатлар билан шифохонага етказилганлар. Пуринтон ҳибсга олинган.

"Бу воқеа Трампнинг муҳожирларга қарши сиёсати туфайли жанубий осиёликлар – мусулмонлар, сикхлар, яқин шарқликлар ва араб жамоати вакилларига нисбатан адоват негизида ошиб бораётган зўравонликлар оқимидаги навбатдаги ҳодисадир", деб Рагхунатхан айтган сўзларни келтириб ўтди The Times of India нашри.

Ташкилот 2016 йилги президентлик сайловлари вақтида ирқчилик негизида жанубий осиёликларга нисбатан зўравонлик қилинган 200 дан кўпроқ ҳолатни қайд қилган.

Оқ уй вакили Шон Спайсер бардаги ҳужум ва Трампнинг айтган сўзлари ўртасида алоқа қидирмасликка чақирди. Бироқ ҳинд матбуотининг ёзишича, Трампнинг ўзи ҳозирча бу ҳодисага ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Турли маълумотларга кўра, АҚШда 5 млн га яқин ҳиндлар яшайди. ОАВда таъкидланишича, АҚШда ирқчиларнинг ҳиндларга ҳужуми аввал ҳам юз берган. 2012 йилда АҚШ армияси фахрийси Пейж Висконсиндаги сикх ибодатхонасида отишма содир этгани оқибатида 6 киши ҳалок бўлган ва 4 киши жароҳат олган.

Мавзуга оид