Жаҳон | 10:56 / 05.03.2017
5935
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг янги иммиграция фармони қачон имзоланиши маълум

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 март куни Миллий хавфсизлик вазирлигида янги иммиграция фармонини имзолайди. Бу ҳақда Politico нашри юқори лавозимли амалдорга асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Нашрнинг қайд этишича, айни вақтда янги фармон аввалгисидан қанчалик фарқ қилиши белгиланмоқда.

Бундан олдинги хабарларда Трампнинг янги фармонига кўра, Ироқ АҚШга фуқаролари кириши тақиқланадиган давлатлар қаторидан чиқарилиши айтилганди. Бунга Ироқ ҳукуматининг терроризмга қарши кураши АҚШ маъмурияти томонидан юқори баҳолангани сабаб.

Трампнинг сўзларига кўра эса, янги фармон суд орқали тўхтатилганидан кам фарқ қилади. 

АҚШ президентининг аввалги, 27 январь куни имзоланган иммиграция фармони аксар аҳолиси мусулмонларни ташкил этувчи етти мамлакат (Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Сурия, Судан ва Яман) фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлар эди.

Кейинчалик Виржиния федерал суди Трамп фармони ижросини тақиқлади. АҚШ апелляция суди Трамп иммиграция фармонига қўйилган вақтинчалик тақиқни маъқуллади.

Бу фармон мамлакатда ва бутун дунёда кескин норозилик тўлқинини вужудга келтирганди.

Мавзуга оид