Жамият | 21:23 / 17.03.2017
13727
4 дақиқада ўқилади

Парфюмерия воситаларини ноқонуний равишда олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга тушди

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан косметика ва парфюмерия воситаларининг бозори чаққонлигидан фойдаланиб, мўмай даромад орттиришга уринган сохта тадбиркорларнинг қинғир қилмишларини фош қилишди.

Парфюмерия ва косметика воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши бу каби маҳсулотлар таркибида кимёвий моддалар жуда катта миқдорни ташкил қилишини, боз устига уларнинг зарарли ҳисобланган контрафакт нусхалари ёйилаётганлигини инобатга олсак юртдошларимиз саломатлиги учун жиддий таҳдид эканлиги ойдинлашади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга олиб кирилаётган парфюмерия ва косметика воситалари давлат тилида маркаланиши шарт. Шунингдек, бу турдаги товарлар мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулот турлари рўйхатига ҳам киритилган.

Шунга қарамай, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган бу каби товарларни олиб ўтишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.

Жумладан,Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Челябинск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган йўловчи поездида бир қатор хорижий шахсларнинг божхона қоидабузарликларини фош қилишди.

Россиялик Н.Горкуша, Б.Сеидов, А.Муртазин ва Н.Романюклар республикамизга кириб келишар экан, йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 27,2 млн. сўмлик 1000 донадан ортиқ косметика ва парфюмерия воситаларини олиб киришга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, мазкур постда “Алмата-Нукус” йўналишидаги йўловчи поезди орқали кириб келган қўшни давлат фуқароси Ж.Усманов умумий қиймати дастлабки маълумотларга кўра 21 млн. сўмдан ортиқ бўлган 7 турдаги атирларни ноқонуний равишда олиб киришга урингани фош қилинди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари почта жўнатмалари орқали ҳам косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний равишда жўнатилишига доир бир нечта қонунбузарлик ҳолатларини аниқлашди.

Туркиядан  пойтахтлик Н.Ярматов номига юборилган почта жўнатмаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда унда йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган қиймати 7,5 млн. сўмлик 75 дона парфюмерия воситалари борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Туркиядан 7 нафар фуқаролар номига юборилган почта жўнатмалари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу жўнатмаларнинг ҳар бирида деярли бир хил миқдорда ва қийматдаги жами 16 минг 500 дона автомобиль салонлари учун мўлжалланган хушбўй пуркагичлар борлиги аниқланди. Бу эса ушбу жўнатмалар шахсий фойдаланиш учун эмас, балки тижорат мақсадлари учун кўзланганини англатади. Йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган мазкур товарларнинг умумий қиймати салкам 50 млн. сўмни ташкил қилар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.  

Рақамларга мурожаат қилсак, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 344 қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 1 млрд. сўмдан зиёд салкам 58 минг дона косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Ҳусан Тангриев
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати катта инспектори

Мавзуга оид