Ўзбекистон | 00:22 / 18.03.2017
47551
3 дақиқада ўқилади

Марказий банкнинг жаҳлдор матбуот котиби якшанба куни ишга чиқмоқчи эмас

Марказий Банк Матбуот хизмати раҳбари Ҳайдаров Асқар Эрназарович ўз вазифасига лаёқатсиз эканини кўрсатиб қўйди.

ОАВ вакиллари билан муносабатларда ўзини муносиб тута олмаган котиб, ўзини кулгили ҳолда қолдирди.

«Кун.uz» сайти бугун президентнинг 20 март кунини дам олиш куни деб эълон қилгани ушбу муассасанинг иш тартибига қанчалик таъсир кўрсатгани хусусида маълумот олиш учун мурожаат қилди.

Банк матбуот хизмати раҳбари аввалига 19 март куни одатдаги каби дам олиш куни бўлишини маълум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг тегишли фармойишига кўра банк тизими, молия ҳамда солиқ идораларининг айрим ходимлари 18, 19, 25 ва 26 март кунларида қонунчиликда белгиланган тартибда ишга жалб этилган. Бу фармойиш тегишли муассасаларга 16 март куни кечқурун келиб тушган.

Сайт вакили бу маълумотга эга бўлганидан кейин банк матбуот хизматига яна шу борада мурожаат қилди. Ходим эса мулоқот вақтида ўзини ўта ёмон тутди ва ундан бу ҳақда ортиқ сўрамасликни сўради. У бу вақтда ҳамон якшанба кунида банк ходимлари ишга чиқмаслигини таъкидлашда давом этди.

«Нима кераги бор шу гапларнинг. Менинг бошимни оғритманг. Менга ҳеч қизиғи йўқ. Мен масалан якшанба куни дам оламан. Якшанба дам олиш куни», деди матбуот котиби.

Ундан «19 март куни банкда дам олиш куни, шундайми?», дея такроран сўралганида «ҳа» жавоби эшитилди ва трубка қўйиб қўйилди.

Ушбу суҳбат ёзиб олинган.

«Кун.uz» Марказий банкдаги матбуот хизматидаги ҳолатдан таажжубланиш билдиради. Сайт таҳририяти матбуот хизматининг қўпол муомаласидан эмас, унинг ўз вазифасини бажармаётгани, ўз ихтиёридаги маълумотни яшириб, ҳатто ёлғон маълумот берганидан норози.

Таҳририят банк раҳбарияти ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, тегишли чора кўриши ҳамда бу ҳақда расман маълум қилишига умид билдиради.

Мавзуга оид