Спорт | 00:05 / 19.03.2017
47501
6 дақиқада ўқилади

«Ўзбек йўлбарслари» «Хитой аждарлари» устидан мутлақ ғолиб бўлди

2017 йил 18 март куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида катта бокс кечаси бўлиб ўтди. The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон Бокс Сериясининг VII фасл тўртинчи босқичидан ўрин олган учрашувда Uzbek Tigers («Ўзбек йўлбарслари») ва China Dragons («Хитой аждарлари») жамоалари ўзаро куч синашди. Унда 52, 60, 69, 81 ва +91 кг вазн тоифасидаги боксчилар рингга кўтарилишди. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари хитойликларга қарши Қозоғистонда Astana Arlans Kazakhstan жамоасига мағлуб бўлган таркибни туширишга қарор қилди. Таъкидлаш жоизки, бу сафар «Ўзбек йўлбарслари» ишончни оқлади. 

Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев

52 кг:     Аброржон Қодиров           vs               Chang Yong
60 кг:     Муроджон Аҳмадалиев    vs               Wang Sen
69 кг:     Шаҳрам Ғиёсов                  vs               Liu Wei
81 кг:     Бектемир Мелиқўзиев       vs               Huang Jiabin
+91кг:    Баҳодир Жалолов             vs               Mu Haipeng

Мусобақа регламентига кўра, боксчилар ҳар бири 3 дақиқадан бўлган 5 раунд кураш олиб боришди. 

Аброржон Қодиров

Дастлаб рингга 52 кг вазн тоифасидаги боксчилар Аброржон Қодиров ва Chang Yong чиқиб келишди. Ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, Ўзбекистон чемпиони Аброржон Қодиров рақибини 3-0 ҳисобида мағлуб этди

Муроджон Аҳмадалиев

Ундан сўнг, 60 кг вазн тоифасидаги боксчилар рингга кўтарилишди. Рио-2016 бронза медали совриндори Муроджон Аҳмадалиев Wang Sen’га қарши имкониятини синаб кўрди. У рингда ўз тажрибасидан тўла фойдалана олди ва жамоада биринчи бўлиб, жангдаги ҳисобни очди. У рақибини нокдаун ҳолатига учратди. Муроджон ҳам хитойлик боксчи устидан, ҳакамлар қарори билан 3-0 ҳисобида устун келди

Айтиш лозим, учинчи бўлиб рингга кўтарилувчи боксчимиз зиммасига жиддий масъулият тушди. Чунки, у ҳам меҳмон боксчини ютса, кейинги жанглар натижасидан қатъиназар жамоа ғалабаси таъминланар эди. Шундай қилиб, рингга 69 кг вазн тоифасидаги боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Liu Wei чиқиб келишди. 

Шаҳрам Ғиёсов

Рио-2016 Олимпиадасининг кумуш медал соҳиби Шаҳрам Ғиёсов ҳамда жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Liu Wei ўртасидаги жанг ҳам кескин суръатда кечди. Шаҳрам мухлислар ишончини оқлаб, жангда 3-0 ҳисобида ғалаба қозонди. Гарчи, Uzbek Tigers ғалабаси таъминланган бўлса-да, олдинда бокс мухлисларини янада қизиқарли 2 жанг кутаётганди. 

Бектемир Мелиқўзиев

Навбатдаги куч синашишга Рио-2016 Олимпия ўйинларининг яна бир кумуш медал совриндори чиқди. 81 кг вазн тоифасидаги боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев Huang Jiabi’га қарши рингга кўтарилди. Бектемир жангнинг бошиданоқ тизгинни қўлига олиб, ўзининг кучли зарбалари билан рақибини довдиратиб қўйди. Хитойлик боксчи мухлисларнинг фаол олқишлари ва қўллаб-қувватлашлари остида жанг қилган Бектемирнинг кучли зарбаларини кетма-кет ўтказиб юборди ва рингдаги ҳакам ҳисобни очди ва бироздан сўнг, ўйинни тўхтатишга мажбур бўлди

Баҳодир Жалолов

Ниҳоят, ўта оғир вазн тоифасидаги боксчиларга навбат етиб келди. Бу сафар Рио-2016 Олимпиадаси иштирокчиси, ўзбек паҳлавонларидан яна бири Баҳодир Жалолов +91 кг вазн тоифасида Mu Haipeng’га қарши рингга чиқди. Баҳодир Жалолов ўз тажрибасидан фойдаланган ҳолда муддатидан аввал, техник нокаут билан учинчи раундда ғалаба қозонди

Айтиш жоизки, қизғин ва аёвсиз бўлган жангларда ҳамюртларимиз рақибларига умуман имконият қолдиришмади. Ҳакамларнинг якдил қарорларига кўра,  
Uzbek Tigers жамоаси China Dragons жамоасини 5-0 ҳисобида мағлуб этди.

Шу билан Ўзбекистон жамоаси ўзининг гуруҳдаги иккинчи ғалабасини  ва 3 очкони қўлга киритди. 

Фото: WSB

18 март куни, шунингдек, С гуруҳининг яна бир учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қозоғистоннинг Astana Arlans Kazakhstan жамоаси Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасини қабул қилди. Кескин курашлар остида ўтган жангларда қозоғистонликлар 4-1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шундай қилиб, Ўзбекистон жамоаси гуруҳда 6 очко билан иккинчи ўринга чиқиб олди. Биринчи ўринда 12 очко билан мағлубият нималигини билмай келаётган Қозоғистон жамоаси. Россияликлар ҳисобида 4 ва хитойликлар ҳисобида 3 очко бор.

Навбатдаги учраашув 2017 йил 1 апрель куни бўлиб ўтади. Ўша куни Uzbek Tigers боксчилари Astana Arlans Kazakhstan жамоаси билан ҳисоб-китоб қилиб олиш имконига эга бўлишади. Россиянинг Patriot Boxing Team термаси China Dragons жамоасини қабул қилади. 

Эслатиб ўтамиз, The World Series Boxing (WSB) Бутунжаҳон Бокс Серияси чемпионатининг VII фасл 4-босқич таркибида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилган боксчилар BUKA Boxing Sportswear томонидан тақдим этилган кийимда рингга чиқдилар.

Фотонигоҳ: «Uzbek Tigers»нинг 2017 йилдаги илк ғалабаси ва гуруҳдаги ҳолат

Мавзуга оид