Иқтисодиёт | 17:03 / 23.03.2017
29891
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда автомобиллар йиғишни режалаштирмоқда

Қозоғистон ўзбек автомобиль саноати билан ҳамкорликда йиғиш корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Казинформ».
 
«Бугун форум якуни бўйича қиймати 94 млн доллар бўлган ўнта ҳужжат имзоланади. Улардан баъзи бирлари ҳақида тўхталиб ўтишим мумкин: бу ўзбек автомобиль саноати билан ҳамкорликда йиғиш корхонасини ташкил этиш, фармацевтика йўналиши бўйича келишув», - дея хабар берди «Атамекен» миллий ишбилармонлар палатаси бошқаруви раиси Нуржон Алтаев Остонадаги қозоқ-ўзбек форуми доирасида.

Шунингдек, томонлар озиқ-овқат саноати, фармацевтика, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича учта қўшма савдо уйини яратишни режалаштирмоқда. Ташкил этиладиган савдо уйлари ҳар икки томонга енгиллаштирилган тартибда савдо ишларини олиб бориш имконини беради.

«Ҳозирда биз енгил саноат бўйича ҳам савдо уйини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз», - дея қўшимча қилиб ўтган Алтаев. 

Бундан ташқари, бугун Қозоғистон ташқи савдо палатаси ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ўртасида Ишчи кенгашини ташкил этиш бўйича келишув имзоланади. Кенгаш ҳар икки давлат ишбилармонларини барча тадбирлар, форумлар ҳамда ишчи учрашувлари ҳақида хабардор этиш бўйича тизимни яратиш имконини беради.

Учрашув давомида қайд этилишича, бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми тахминан 1,5 млрд долларни ташкил этади. Яқин йилларда бу рақамни 5 миллиардга қадар ошириш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид