Жамият | 11:47 / 28.03.2017
4691
1 дақиқада ўқилади

Эйфель минорасида ўқ ўтказмайдиган шишали тўсиқлар ўрнатилади

Париж шаҳри маъмурияти Эйфель минораси ёнида ўқ ўтказмайдиган шишали тўсиқларни ўрнатмоқчи. У пиёдалар устига автомобилда бостириб боришнинг олдини олишда ҳам ёрдам беради, деб ёзмоқда Figaro газетаси.

Маълумотларга кўра, шишали тўсиқлар Эйфель минорасининг икки томонида ўрнатилади, кириш-чиқиш эшиклари ҳамда кўплаб назорат пунктлари бўлган бошқа томонда эса металл панжаралар жойлаштирилади. Париж маъмурияти фикрича, хавфсизликни оширишнинг шундай усули “оддий тўсиқлардан анча чиройлироқ кўринади”. Таъкидланишича, бу чора “террорчиликнинг юқори таҳдиди” сабаб кўрилади.

Тўсиқлар қиймати 20 миллион еврога баҳоланмоқда, уларни ўрнатиш 2018 йилнинг ўрталарида якунланади.

Хабарларга кўра, Париж шаҳри маъмурияти қарори Лондонда ўтган ҳафтада юз берган теракт фонида қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид