Жаҳон | 07:48 / 29.03.2017
6175
2 дақиқада ўқилади

2 йил ичида Яман ҳудудининг 80 фоизи ҳусийлардан озод қилинди

Яманда ҳукумат қўшинларининг "Ансоруллоҳ" ҳаракати жангарилари – ҳусийлар ва собиқ президент Али Абдуллоҳ Салоҳнинг тарафдорлари билан тўқнашувлари Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция операцияларига қарамай тўхтамаяпти. Операция 2015 йил 26 мартдан бери олиб борилмоқда.

Яманда "Қатъият бўрони" операциясининг 2-йилида минглаб жангарилар йўқ қилинган. Бундан ташқари, ҳусийлар ва Салоҳ тарафдорлари мамлакатнинг бир қатор ҳудудлари устидан назоратни қўлдан чиқаришган.

2015 йил июлдаги операция натижасида ҳусийлардан Адан шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари, 2016 йилда эса кичик, бироқ стратегик муҳим шаҳарлар ва ҳудудлар озод қилинган.  

Яман ҳукумат қўшинлари коалиция кучлари ёрдамида Яман ҳудудининг 80 фоизини ҳусийлардан озод қилган. Шу билан бирга мамлакат пойтахти Сано, Ал-Худайдо ва бошқа бир қатор порт шаҳарлари ҳусийлар ва Салоҳ тарафдорлари назорати остида қолмоқда.

Улар Санодан ташқари, Замар, Ибб, Ал-Махвит, Райма, Амран, Саудия Арабистони билан чегарадош Сад, Хаджа ва Бейда вилоятини назорат қилишмоқда.

Яманнинг қонуний ҳукумати мамлакатни Саудия Арабистонидан туриб бошқарган. У 2015 йилда Аданга кўчиб ўтгандан кейин, бу шаҳар Яманнинг вақтинчалик пойтахти деб эълон қилинган. Ҳукумат Аданда бўлгани билан у Яман хавфсизлигини таъминлай олмаяпти ва иқтисодиётини назорат қила олмаяпти.  

Айни вақтгача ҳукумат қўшинлари ва Халқ қаршилиги кучлари 5 минг кишини йўқотган. Шу вақт ичида 15 мингдан кўпроқ ҳусийлар ва Салоҳ тарафдорлари йўқ қилинган. 

Мавзуга оид