Спорт | 17:44 / 29.03.2017
5603
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Платини ўзаро тил бириктирган ФИФА амалдорлари қурбони бўлган

УЕФАнинг собиқ президенти, 4 йилга футболдан четлатилган Мишель Платини Халқаро футбол федерациялари уюшмаси (ФИФА) амалдорлари билан келишиб ишламагани учун уларнинг қурбонига айланган. Бу ҳақда Le Monde хабар ёзди.

Хабар қилинишича, ташкилот амалдорлари Платинига қарши иш бошланишига сабаб бўлган 2 миллион франк ҳақидаги маълумотни ҳуқуқ тартибот органларига етказишган. Нашр маълумотига кўра, баъзи амалдорлар ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттердан Платинига пул тўлангани ҳақидаги қоғозларни олиб, полицияга етказишган.

Маълумот учун, Мишель Платини  2007 йилдан буён УЕФАни бошқариб келганди. 2011 йилда ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер Мишель Платинига 2 миллион Швейцария франкини ноқонуний равишда ўтказиб бергани учун 2015 йилнинг декабрь ойида 8 йилга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлаштирилганди.

Кейинчалик ушбу четлаштириш 6 йилга қисқартирилди. Шундай сўнг, Платини Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж суди (CAS)га четлаштириш муддатини қисқартириш бўйича апелляция берди.

Унинг апелляцияси қисман қондирилди – дисквалификация муддати 6 йилдан 4 йилгача, жарима миқдори 80 мингдан 60 минг еврогача қисқарди.

Мавзуга оид