Қўқонда уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса ҳақида расмий ахборот берилди
Аввалроқ Қўқон шаҳрида 23 март кунига ўтар кечаси фожиали оқибатларга олиб келган ёнғин рўй бергани ҳақида хабар бергандик. Ҳодиса туфайли бир оиланинг 3 аъзоси ҳалок бўлганди. Орадан бир ҳафта вақт ўтиб - 31 март куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда расмий маълумот берди.
Хабарда “Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Қ.Ражабовнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлди. Унинг оқибатида уйнинг 100 квадрат метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган”, дейилади.
Шунингдек хабар берилишича, ёнғинни ўчириш вақтида уй эгасинининг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари — 2009 йилда ва 2013 йилда туғилган ўғилларининг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Сайт манбасининг хабар беришича эса воқеа рўй берган ҳудудда айни вақтда газ қувурлари кесиб ташланган. Бу ҳудуд аҳолиси ҳозирда газ баллонларидан фойдаланади. Бу эса фожианинг сабаби ҳақида турли тахминларни пайдо қилади.
Аввалроқ хабар берганимиздек, 2017 йилнинг 18 март куни тонгги соат 3:00 атрофида Қўқон шаҳрига ёндош жойлашган Данғара тумани ҳудудидаги Ойдин кўчаси, 78-уйда уйда газ портлади. Бунинг оқибатида уч инсон оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди.
Кейинчалик ҳодиса оқибатида жабр кўрган икки нафар ёш йигит икки кун ичида бирин-кетин ҳаётдан кўз юмди. Марҳумларнинг яқин қариндоши сайтимизга берган маълумотга кўра, газ босимининг ўйнаб туриши, кутилмаган пайтда кўтарилиб, тушиши ана шундай фожиага сабаб бўлган.
Бизга маълум бўлишича, ҳодиса рўй берган кунларда Қўқон шаҳри газтаъминот идораси раҳбари Улуғбек Толипов ишдан олинган. Воқеа юзасидан қандайдир текширувлар олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар ҳозирча йўқ.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардикки, ушбу ҳолат бўйича ҳали ҳеч бир ташкилот расмий маълумот бергани йўқ...
Қўқонда нохуш ҳодиса. Она ва фарзандлари ҳалок бўлди
Қўқонда ташкилотлар масъулиятсизлиги оқибатида икки навқирон йигит мажруҳ бўлиб қолди
Қўқон фожиаси: яна бир киши ҳаётдан кўз юмди
Қўқон нима қилсин – 22 яшар ўғли лоқайдликнинг қурбони бўлди