Спорт | 18:33 / 01.04.2017
13455
3 дақиқада ўқилади

Uzbek Tigers ва Astana Arlans ўртасидаги катта бокс кечасига барчаси шай

Бугун 1 апрель куни Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 5-туридан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтади. «Ўзбекистон» спорт мажмуаси гуруҳнинг икки етакчи жамоаси ўртасидаги жангни катта иштиёқ билан кутмоқда. Uzbek Tigers жамоаси Тошкентда Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси боксчиларини қабул қилади. 

«Ўзбекистон» спорт мажмуасида қуйидаги боксчилар ўртасидаги ажойиб жангларга гувоҳ бўлиш мумкин. 

49 кг: Ҳасанбой Дўстматов           vs   Темиртас Жусупов
56 кг: Абдулҳай Шораҳматов       vs    Илёс Сулейменов
64 кг: Элнур Абдураимов              vs    Дилмурод Мижитов
75 кг: Исроил Мадримов                vs    Сапарбай Айдаров 
+91 кг: Зуҳриддин Маҳкамов        vs    Антон Пинчук 

Uzbek Tigers WSB доирасида шу вақтгача 4 марта жанг ўтказди. Ўзбекистон вакиллари аввалига Хитойда China Dragons жамоасидан 2:3 ҳисобида енгилган, кейинги турда Қозоғистонда Astana Arlans жамоасига 1:4 ҳисобида имкониятни бой берганди. Тошкентда бўлиб ўтган 3-тур баҳсида Uzbek Tigers Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасини 5:0 ҳисобида, 4-турда эса, China Dragons жамоасини ҳам 5:0 ҳисобида доғда қолдирди. 

Айни вақтда, Қозоғистон жамоаси гуруҳда 12 очко билан 1-ўринда жойлашган. Uzbek Tigers ҳисобида 6 очко бўлиб, иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Бугун, Хитойнинг China Dragons жамоаси Россияда Patriot Boxing Team жамоаси меҳмони бўлмоқда. Ҳозирда, Россиядаги баҳслар қизғин тусда давом этаяпти. 

«Ўзбекистон» спорт мажмуасидаги жангларни Жанубий Корея, Россия, Англия ва Эрон давлатларидан ташриф буюрган ҳакамлар навбати билан бошқариб боришади. 

Эслатиб ўтамиз, The World Series Boxing (WSB) Бутунжаҳон Бокс Серияси чемпионатининг VII фасл учинчи босқич таркибида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилувчи боксчилар BUKA Boxing Sportswear томонидан тақдим этилган кийимда рингга кўтарилишади.

Мавзуга оид