Жаҳон | 13:47 / 02.04.2017
11423
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Россия компанияларидан пул олганини тан олди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн ўзининг дастлабки декларациясида 2015 йилда Россия компаниялари, хусусан, RT телеканали, «Касперский лабараторияси» ва  «Волга-Днепр» авиакомпаниясидан олган тўловларини яширгани маълум бўлди. The Washington Post Оқ уй томонидан чоп этилган ҳужжатларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, Оқ уй томонидан икки декларация чоп этилган. Улардан бири 11 февралда Флинн томонидан (истеъфога чиққунига қадар) имзоланган, иккинчиси - 31 март куни. Иккинчисида президентнинг собиқ маслаҳатчиси Россиянинг RT телеканали, «Касперский лабараторияси» ва  «Волга-Днепр» ҳаво орқали юк ташиш билан боғлиқ Америка компанияси томонидан ташкил этилган тадбирлардаги иштироки учун гонорар олганини маълум қилган.

Флинн ушбу компаниялар билан ҳамкорлиги учун айнан қанча пул олгани декларацияда кўрсатилмаган, лекин ўтказилган маблағлар "йилига 5 минг доллардан ошувчи даромад манбалари" бўлимида қайд этилган.

Дастлабки ҳисоботларида Флинн пулларни тадбирларда чиқиш қилгани учун олганини айтган, бироқ аниқ бир компания номини ошкор қилмаган.

Март ойининг ўртасида Bloomberg демократ-конгрессменлар томонидан чоп этилган ҳужжатларга асосланиб, Флиннинг 2015 йилда Россия билан боғлиқ компаниялардан умумий ҳисобда 56 минг доллардан зиёд даромад олгани ҳақида ёзган эди. Кейинроқ «Касперский лабараторияси» 2015 йилда Вашингтонда бўлиб ўтган киберхавфсизликка доир форумда чиқиш қилгани учун Флиннга пул тўлаганини тасдиқлаган.

Флинн ўз лавозимига тайинланганидан 24 кун ўтиб, сиёсий можаролар фонида истеъфога чиқди. 

Мавзуга оид