Ўзбекистон | 17:30 / 04.04.2017
46054
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Москвага жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4 апрель куни давлат ташрифи билан Москва шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Россия раҳбарияти билан учрашув ва музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли масалалар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинади. 

Ўзбекистон ва Россия Президентлари минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. 

Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши режалаштирилган. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон – Россия муносабатларини изчил ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар, тижорат шартномалари ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Тошкент ва Москва 16 миллиард долларлик шартномаларни имзолайди

Мавзуга оид