Ўзбекистон | 08:58 / 08.04.2017
16366
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси комплексининг йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси соҳаларининг 2017 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади

Жорий йилнинг биринчи чорагида комплекс бўйича жами 1 триллион 637 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 118 фоизни ташкил этди. 

Комплекс соҳаларида 30 миллион 800 минг долларлик хизматлар ва маҳсулотлар экспорт қилинди. 59 миллион 300 минг долларга тенг инвестициялар жалб қилинди ва режа кўрсаткичи 175 фоизга бажарилди. 

Йиғилишда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўқитиш сифатини тубдан ошириш, замонавий ўқув режалари ва методларини жорий этиш, ўқувчиларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихи, хорижий тиллар ҳамда замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш, таълим муассасаларидаги педагоглар ва профессор-ўқитувчилар таркибини етарли педагогик иш тажрибасига эга бўлган, касбий тайёрланган мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг малакасини ошириш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ҳар томонлама етук, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, жойларда уюшмаган ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини мунтазам ўрганиб борган ҳолда уларни фойдали меҳнатга жалб этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Комплекс йиғилишида, шунингдек, музейлар фаолиятини такомиллаштириш, кинематография объектлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини изчил ривожлантириш, интерактив давлат хизматлари кўрсатиш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли дуч келаётган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, уларни ахборот билан таъминлаш тизимини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан таҳлилий мақолалар, кўрсатувлар ва эшиттиришларни босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Мавзуга оид