Фан-техника | 19:17 / 10.04.2017
88169
3 дақиқада ўқилади

2017 йилнинг энг қиммат 7 автомобили

Ҳозирча, йилнинг тўртинчи ойи ўтаётганига қарамай, Mercedes компаниясидан тортиб Lamborghini фирмасигача чин маънода ажойиб автомобилларини намойиш этишга улгурди. Қуйида 2017 йил бошидан шу пайтга қадар тақдим этилган энг қиммат седан ва йўлтанламаслар еттилигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

1. Узоқ кутилган Lamborghini Huracán Performante Женева автокўргазмасида тақдим этилди. Унинг 5,2 литр, 10 цилиндрли двигатели 640 от кучини тақдим этади.

275 минг доллар атрофида турувчи автомобиль атиги 3 сонияда соатига 100 км тезликка эришади. 

2. Германиянинг Mercedes-Benz компанияси дунёдаги энг қиммат йўлтанламасни ишлаб чиқди. Бу Landaulet G650. Март ойида Mercedes-Maybach қаторини тўлдирган автомобиль 666,4 минг долларга баҳоланди.

Компания ундан атиги 99 дона ишлаб чиқаради. 

3. Ёдингизда бўлса, Rolls-Royce Женева автосалонида ҳақиқий олмослар билан жилоланган автомобилни намойиш этган эди.

Компания ҳар бир автомобилга мингтадан олмос тўғри келадиган бўёқни ишлаб чиқди. Diamond Stardust бўёғи билан ҳашаматли Rolls-Royce Ghost устки қисми бўялади.

Rolls-Royce бу бўёқнинг нархи қанча туришини маълум қилмаган бўлса-да, бироқ Ghost 300 минг доллардан бошланиши аниқ. Автомобиль шахсий буюртма асосида ишлаб чиқилган. 

4. Ажойиб Ferrari 812 Superfast ҳам Женева моторшоусида намойиш этилган эди. 6 литр ҳажмга эга 12 цилиндрли двигатель 780 от кучига эга.

Унинг энг юқори тезлиги соатига 340 кмни ташкил этади ва 3 сонияда “юз”га чиқа олади. Машинанинг аниқ нархи номаълум, аммо у 320 минг доллар турувчи Ferrari F12 Berlinetta ўрнини эгаллаши айтилмоқда. 

5. Иккинчи авлод McLaren Super Series — ажойиб ҳаракатланиш воситаси. Янги McLaren 720S 4 литр, 8 цилиндрли, жуфт турбокучайтиргичга эга двигатель билан жиҳозланган. У автомобилни 710 от кучи билан таъминлайди.

Машина соатига 341 кмгача ҳаракатлана олади ва 2,9 сонияда 100 км/соат тезликка чиқади. Bloomberg агентлигига кўра, 720S 290 минг доллар атрофида сотилади. 

6. Мана бу машинага универсал бўлгани учун паст назар билан қараш керак эмас. Porsche Panamera Sport Turismo 6 цилиндр, жуфт турбокучайтиргичга эга мотор билан жиҳозланган. У 550 от кучи билан таъминлайди.

100 минг доллардан бироз арзонроқ турувчи универсал 3,5 сонияда “юз”га чиқади. 

7. Ва ниҳоят, шу баҳорда Lamborghini Aventador S 421 350 доллардан сотувга чиқади.

Унга  6,5 литр, 12 цилиндрли двигатель ўрнатилади. У машинани 730 от кучи билан таъминлай олади. Aventador энг юқори тезлиги соатига 250 кмни ташкил этади. 

 

 

Мавзуга оид