Жамият | 18:49 / 10.04.2017
34734
8 дақиқада ўқилади

Сўнгги пушаймон – ўзингга душман

Ёшлигидан дадасининг соясида катта бўлган Жаҳонгир (исмлар ўзгартирилган) умри давомида қийинчилик кўрмади. Оддий деҳқон бўлиб, кейинчалик маҳалла оқсоқоли даражасига етган Ортиқ ака ўғлим мендек ғам чекмасин, умри роҳатда ўтсин, деб уни авайлаб-асради. Ҳолида опа ҳам ёлғиз ўғил деб Жаҳонгирни еру кўкка ишонмади. Ўзлари емай фарзандларига едиришди, ичмай ичиришди. Кўнгли нимани тусаса ҳаммасини муҳайё қилишди. Шу сабабми Жаҳонгир ёшлигидан эрка бўлиб ўсди. Улғайган сайин хоҳишлари ҳам кўпайиб борди. Дастлаб, магнитофон, велосипед деб хархаша қиладиган Жаҳонгир энди сўнгги русумдаги телефон, ноутбук талаб қила бошлади. 

Ортиқ ака ўғлим бошқалардан кам бўлмасин, дея ҳаммасини муҳайё қилди. Жаҳонгир институтга кирган кун уйда байрам бўлиб кетди. Қувончидан ичига сиғмаган ота ўғлим энди катта йигит бўлиб қолди, эҳтиёжлари ҳам шунга яраша, дўстларининг олдида уялиб қолмасин, деб қўлига даста-даста пул тутишни канда қилмади...

Ортиқ ака хизмат сафари билан бир ҳафтага Тошкентга кетди. Жаҳонгир уйда ойиси билан қолди. Телефонини ўйнаб, тунни ярим қилар, эрталаб ойисининг тергаши билан зўрға уйқудан турар, нонушта қилиб, ўқишга жўнарди. Ойисининг ҳар кунги:
  
– “Ўғлим, ошхонадаги розетка бузилиб қолибди. Янгисини олиб келдим, алмаштириб бер, микротўлқинли печни ишлата олмаяпман,” –  деган сўзлари у қулоғига кириб, бунисидан чиқиб кетарди.

–  “Эртага, ойи, бугун ишим кўп,” – жавоб қилди. Аслида эса розеткани олиб алмаштиришга эринар, дадаси келса ўзи тузатиб қўйишини биларди. Шу сабаб вақтни чўзарди.

Дарсга борди. Кеч ухлагани сабаб қулоғига ўқитувчининг гапи кирмасди. Телефонида интернетга кириб ўтираркан, қулоғига устозиининг гапи чалинди:

- Инсоннинг тутундан тўғридан-тўғри икки дақиқа нафас олиши ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Чунки, тутун таркибидаги 4-6 % ис гази қон таркибидаги гемоглабинга таъсир қилиб, кислород ташиш қобилиятини ...

Жаҳонгир яна телефонига “шўнғиб” кетди.

Кунлар ўтди. Жаҳонгирнинг димоғи чоғ. Бу йил институтга кирди. Институтни битирса бўлди, дадаси уни “ёғли иш”га жойлаштириб қўяди. Дадаси ҳар доим айтганини қилган. Ўқишга кирса машина олиб беришини айтган эди. Мана янги Nexiaда юрибди. Курсдошлари унга ҳавас билан қарашади. Ҳамма у билан яқин бўлгиси келади, дўст бўлишга уринади. Аммо, Жаҳонгир ҳам анойилардан эмас. Ҳамма билан ҳам дўст бўлавермайди. Ахир, у оддий бола эмас. Шаҳарнинг энг кўзга кўринган, обрўли кишиларидан бирининг фарзанди. Дўстлари ҳам шунга яраша.

Бугун Жаҳонгирнинг туғилган куни. Дадаси эрталаб телефон қилиб табриклади. Аммо, ҳали ишлари битмаганини, шу сабаб кела олмаслигини, лекин зўр совға олиб қўйганлигини айтди. Жаҳонгир хурсанд бўлди. Бир тарафдан келмагани ҳам яхши, мазза қилиб ўртоқлари билан кўчада юради, ресторанга боради. Онасининг ёлворишига қарамай, у туғилган кунини шаҳардаги ресторанларнинг бирида ташкил қилди. Ҳамма танишлари келди. Унинг шарафига қадаҳ сўзлари айтилди. Мақтовларга ширакайф Жаҳонгир қўл телефонига бир неча бор дадаси телефон қилганлигига эътибор бермади. Барибир шовқинда уни эшитмайман, деб ўйлади. Ўчириб қўйди. Зиёфат ярим тунгача давом этди. Ҳамма тарқалгач, Жаҳонгир янги автомобилини ўт олдирди. Ўртоқлари ичгансан, машинани ташлаб кет, дейишса ҳам ўз билганидан қолмади. Бу биринчи марта эмас. Олдин ҳам ичиб машина ҳайдаган, ҳеч нима қилмаган. Йўлда ГАИ тўхтатмаса бас, уйига етиб олади. 

Шу хаёллар билан катта йўлга чиқди. Кўчада жимжитлик. Ҳар замонда қарама-қарши томондан автомобиль келиб қоларди. Одамлар деярли кўринмасди. Узоқдан ёнғин ўчириш автомобилининг сирена овози эшитиларди. Шу вақтда қаерда ёнғин бўлдийкин, деб ўйламади ҳам. 

Жаҳонгир машинасини ўз маҳалласига бурган ҳам эдики, сирена овози жуда яқиндан эшитилди. Шундроққина унинг ортидан қизил рангли ёнғин ўчириш автомобили келар, сирена чалиниб, йўл беришни сўрарди.

Жаҳонгирнинг қайсарлиги тутди.

– “Ўзим хоҳламасам булар мени йўлдан кўтариб олишармиди, –  кулган бўлди, – ҳозир кўрсатиб қўяман, ким йўл бериши кераклигини, сиренанг бўлса ўзингга. Қани ўтиб кўрчи.”
 
Жаҳонгир атайин автомобилини секинлатди. Мусиқа овозини кўтарди. Баланд мусиқа овози орасида сирена унчалик эшитилмай қолди. Жаҳонгир ўзида йўқ хурсанд бўлди:

– “ Бопладим! Мени кимлигимни билмабсанлар.”

Аксига олиб Жаҳонгир қаёққа бурилса, ёнғин ўчириш автомобили ҳам ўша томонга ҳаракат қилаверди. 

– “Оббо, роса жонга тегдику бу.”

Жаҳонгир газни босди. Ўзига таниш кўчага кирди. Бирдан яшин ургандек бўлди. Дарвозаси олдида қўни-қўшнилар тўпланган, ҳамма ёнғинни ўчиришга ҳаракат қиларди. Жаҳонгир машинасини четга тўхтатиб, уйига югурди. Дарвозахона олов ичида қолган, ичкарига киришга ҳеч ким ботина олмасди. Жаҳонгир одамлар ичидан онасини қидирди. Аммо, топа олмади. Чиройли нақшинкор панжара тортилган деразалардан уй ичига кириб бўлмасди. Ичкаридан фақат олов домига тушган уй жиҳозларининг ғичир-ғичири эшитилар, томдан қуюқ тутун кўтариларди. 

Жаҳонгир қотиб қолди. Бир зумга вақт тўхтаб қолгандек эди. У атрофдагиларнинг қий-чуви, бақир-чақирини эшитмас, худдики қулоғи том битгандек эди. Боши гавдасига оғирлик қилар, еру кўк аралашиб кетгандек боши айланарди.

Шу пайт ён томондаги дераза панжаралари бирдан қарсиллаб суғурилди.  Жаҳонгир у ёққа қаради ва таниш автомобилни кўрди. Ёнғин ўчирувчилар ўз ускуналари билан дераза панжараларини суғуриб, ичкарига кириб кетишди. 

Жаҳонгир улар томонга югурди. Бирпасдан сўнг, ичкаридан беҳуш ҳолатдаги онасини олиб чиқишди

– “Ойижон...” – тили зўрға калимага келди.

Ҳолида опани дарҳол тез тиббий ёрдам машинасига олиб чиқишди.

Жаҳонгир ойисининг ёнига ўтирди. Машина сиренасини чалиб, жойидан қўзғалди. Жаҳонгир ойисининг қўлларини ушлади, юзи рангпар, қора куя теккан қадоқ қўлларда томирлар бўртиб чиққанига энди эътибор берди. Жаҳонгир ойисини бошдан оёқ кузатди. Жароҳат изини топа олмади.

Машина шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етиб келди. Шифокорлар беморни дарҳол ичкарига олиб кириб, узун йўлакнинг охиридаги хонага олиб кириб кетишди. Жаҳонгирга рухсат берилмади. Эшик ёпилгач “Жонлантириш бўлими” деган ёзувни кўрди. Бу ерда кузатувчилар кўп эди. Уларнинг пичир-пичири қулоққа чалинарди:

–  Нима бўлибди ?!

–  Ёнғин!

- Нимадан чиқибди ?!

– Носоз розеткадан...

–  Куйибдими ?!

–  Йўқ, тутундан заҳарланган.

– .... Ёнғин ўчирувчилар келмабдими?

– Кеч қолишибди. Йўлда ушланиб қолишганмиш...

Жаҳонгирнинг бошига тўқмоқ билан ургандек бўлди. Бир зумда ҳаёлида онасининг розеткани алмаштириб қўйиш ҳақидаги ёлворишлари, унинг бефарқ бўлиб қўл силтагани, йўлдаги сирена овози, бопладимми, дея тиржайгани ярқ этиб ўтди. Устозининг дарсдаги гапини эслади:

– “ ...Инсоннинг тутундан тўғридан-тўғри икки дақиқа нафас олиши ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин...”

Боши айланди. Оёқлари бўшашиб ерга ўтириб қолди. Қўллари бошини чангаллади. Унинг нима қилиб қўйдим, дея инграшини атрофдагилар эшитмади.

Шаҳар осуд уйқуга чўмган,  энди сирена овози эшитилмасди.

Фаррух  Абдурахманов
Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ
катта муҳандиси, лейтенант

Мавзуга оид