Ўзбекистон | 19:42 / 12.04.2017
104116
2 дақиқада ўқилади

Бўритош Мустафоев вафот этди

Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев 68 ёшида оғир хасталикдан вафот этган. Бу ҳақда Конституциявий суд матбуот хизмати маълумот берган.

У 9 апрель куни Тошкент шаҳридаги Юрак хасталиклари клиникасига ётқизилганди.

Бўритош Мустафоев 1949 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори лавозимидан бошлаган. Кўп йиллар давомида прокуратура органларида масъулиятли лавозимларда ишлаб, 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимига тайинланди. 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Адлия вазирининг ўринбосари, Конституциявий судининг раиси, Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Олий судининг раиси лавозимларида ишлади. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилиб келди.

Мустафоев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, II даражали “Шон-шараф” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган. Олий малака даражали судья. I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.

"Бўритош Мустафоев оқил ва олийжаноб, ватанни самимий севадиган ва халқи учун жонкуяр инсон эди. У мустақил Ўзбекистоннинг шаклланиши ва давлатчиликни мустаҳкамлашга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга, ҳуқуқий тизимнинг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган", дейилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди хабарида.

Сайт таҳририяти Бўритош Мустафоевнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид